Logo

"China Investment" журнали: Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти дастури амалга оширилмоқда

Ноябрь 01, 2024. 09:04 • 2 дақ

104
"China Investment" журнали: Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти дастури амалга оширилмоқда

ПЕКИН, 1 ноябрь. /"Дунё" АА/. Хитойнинг етакчи "China Investment" журналида иқтисод фанлари доктори, профессор Нодир Жумаевнинг "Ўзбекистоннинг янги экспорт стратегиялари" сарлавҳали мақоласи инглиз ва хитой тилларида чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.  

Унда жорий ярим йиллик якунларига кўра, Ўзбекистон 186 та давлат билан савдо алоқаларини амалга оширгани, ташқи савдо айланмаси ҳажми 31,8 миллиард АҚШ долларига етгани маълум қилинган. Бунда экспорт ҳажми 13 миллиард долларга тенг бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоиз ўсиш кузатилди.

Мамлакат экспорти йўналишида Хитой 18,5 фоизлик улуш билан етакчилик қилмоқда. Бу борада Россия, Қозоғистон, Туркия ва Жанубий Корея каби давлатлар бошқаларга нисбатан салмоқли улушга эга.

"Статистика агентлиги маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон экспортёрлари сони 5 682 тага етган. Улар томонидан ўтган ярим йилда қарийб 8,7 миллиард долларлик (номонетар олтиндан ташқари) товар ва хизматлар экспорт қилинган. Мазкур қиймат 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 10,9 фоизга кўп", – дейилади мақолада.

Муаллифнинг таъкидига кўра, агар "Ўзбекистон – 2030" стратегиясига эътибор қаратилса, унда миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини кучайтириш ва унинг таркибида қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар улушини кескин оширишга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб олинганини гувоҳи бўламиз.

Мақолада, шунингдек, Европа давлатларига "GSP+" ва бошқа тизимлари доирасида тайёр ва технологик маҳсулотлар экспорти кенгайтирилиши таъкидланган.

"Халқаро стандартлар жорий қилинган корхоналар сони 10 баробарга оширилиб, улар сони 5 мингтага етказилади. Дунёнинг 50 та нуфузли брендлари билан махсус иқтисодий зоналар ташкил қилиниб, "Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти" ғояси асосида миллий брендларни хорижий бозорларга олиб чиқадиган экспортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланади", – деб ёзилган мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш