"The Diplomatic Insight": Ўзбекистон Президенти: Минтақамиз Янги Марказий Осиё сифатидаги тарихий уйғониш даври остонасида турибди
Ноябрь 24, 2025. 08:57 • 3 дақ
• 480
ИСЛОМОБОД, 24 ноябрь. /"Дунё" АА/. Покистоннинг "The Diplomatic Insight" порталида "Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммитида ҳамкорлик истиқболларини белгилаб берди" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда шу йил 16 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтгани хабар қилинган.
Мақолада Ўзбекистон Президентининг мазкур саммитдаги нутқида илгари сурилган ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон етакчиси кейинги йилларда минтақада амалга оширилаётган интеграция жараёнларини қисқача таҳлил қилди. Очиқ мулоқот ва биргаликдаги фаол саъй-ҳаракатлар туфайли минтақа учун долзарб бўлган қатор муаммоларга самарали ечимлар топилганини таъкидлади. Ҳудудий масалалар узил-кесил ҳал этилди, чегара пунктлари очилди, сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди, транспорт алоқалари қайта тикланди, фаол савдо-инвестициявий ва гуманитар алоқалар учун қулай шароитлар яратилди.
"Бугунги кунда Марказий Осиё – барқарор ўсиш ва фаровонлик учун олдимизда янги имкониятлар очаётган жадал тараққиёт ва самарали ҳамкорлик маконидир" – дея давлатимиз раҳбари сўзларидан иқтибос келтиради Покистон электрон нашри.
Ўзбекистон етакчиси минтақа жаҳон иқтисодиётига фаол интеграциялашаётганини қайд эди: инвестициявий жозибадорлик ошмоқда, учинчи бозорларга экспорт қилиш имкониятлари кенгаймоқда, транзит салоҳияти ўсмоқда. Ўтган йили минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 10,7 миллиард долларга етди, Марказий Осиёга киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 17 фоизга кўпайди.
Шунингдек, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм ва экстремизм, трансчегаравий жиноятчилик таҳдидларига қарши курашиш масалалари бўйича тизимли чоралар кўрилаётганига эътибор қаратилди.
"Маърузада таъкидланишича, минтақанинг халқаро муносабатлар субъекти сифатидаги мавқеи мустаҳкамланиб, глобал масалалардаги роли ортиб бормоқда, "Марказий Осиё плюс" форматидаги муносабатлар кучаймоқда, минтақа нуфузли халқаро майдонларда ягона позиция билан майдонга чиқмоқда. Форматга Озарбайжоннинг қўшилиши билан минтақанинг жаҳон ҳамжамиятидаги овози янада салмоқли бўлишига ишонч билдирилди", – дейилади материалда.
"The Diplomatic Insight" тарқатган мақолада ёзилганидек, Ўзбекистон раислиги даврида 20 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди. Бош вазир ўринбосарлари даражасида Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми фаолияти йўлга қўйилди, илк бор мудофаа идоралари, махсус хизматлар раҳбарлари, шунингдек, геология, саноат, қишлоқ хўжалиги, экология ва маданият вазирларининг йиғилишлари ўтказилди. Куни кеча Тошкентда Марказий Осиё давлатлари етакчи аёлларининг мулоқоти муваффақиятли ўтказилди.
Давлат раҳбари мураккаб ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган халқаро сиёсий жараёнлар шароитида минтақа мамлакатларининг ҳамжиҳатлиги ва бир-бирини қўллаб-қувватлашини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.
"Ишончим комилки, бугун биз минтақамизнинг Янги Марказий Осиё сифатидаги тарихий уйғониш даври остонасида турибмиз. Биз ҳамкорлигимизнинг институционал асосларини янада мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга нисбатан таҳдидларга ўзаро мувофиқлаштирилган жавобни ишлаб чиқишни ўз олдимизга вазифа қилиб қўйганмиз. Биз учун ҳозирнинг ўзида минтақамизни бундан 10-20 йилдан кейин қандай кўришни хоҳлашимиз бўйича аниқ тушунчага эга бўлиш муҳимдир", – дея Ўзбекистон Президенти маърузасидан иқтибос келтирилган.
Мақолада Ўзбекистон раҳбари минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича қатор ташаббусларни илгари сургани алоҳида қайд этилган.
"Бугунги учрашувларни минтақавий мулоқотнинг маслаҳатлашув шаклидан "Марказий Осиё ҳамжамияти" стратегик форматига айлантириш таклиф қилинди. Маслаҳат учрашувлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш, навбатма-навбат ишлайдиган Котибиятни таъсис этиш, миллий мувофиқлаштирувчилар мақомини Президентларнинг махсус вакиллари даражасига кўтариш бу борадаги дастлабки қадамлар бўлиши мумкинлиги таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти бой ҳаётий тажрибага эга, обрў-эътиборли жамоат арбобларидан иборат Оқсоқоллар кенгашини тузиш ташаббусини илгари сурди", – дейилади материалда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси