Logo

"The Times of Central Asia": Ўзбекистон БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ 2030 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартириш йўлидан дадил бормоқда

Сентябрь 23, 2025. 17:08 • 2 дақ

116
"The Times of Central Asia": Ўзбекистон БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ 2030 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартириш йўлидан дадил бормоқда

ВАШИНГТОН, 23 сентябрь. /"Дунё" АА/. Америка Қўшма Штатларининг оммабоп "The Times of Central Asia" онлайн нашрида "Ўзбекистон 2025 йил охиригача камбағаллик даражасини 6 фоизга туширишни мақсад қилган" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ўзбекистон 2025 йил охиригача камбағаллик даражасини 6 фоизга туширишни мақсад қилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 17 сентябрь куни Наманганда бўлиб ўтган "Камбағалликликдан фаровонлик сари" учинчи халқаро форумнинг очилиш маросимидаги нутқида таъкидлади", – дейилган материалда.

Маълум қилинганидек, конференцияда 30 дан ортиқ ташкилот ва 200 нафарга яқин экспертлар, жумладан, Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Ал-Жассер, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Йингминг Янг, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги катта вице-президенти Сачико Имото, БМТнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каха Имнадзе ҳамда Жаҳон банкининг қашшоқликни қисқартириш бўйича глобал директори Луис Фелипе Лопес-Калва иштирок этди.

Нашрда маълум қилинишича, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш миллий устувор вазифага айланди. Сўнгги саккиз йил давомида ҳукумат томонидан инсон ҳуқуқлари, бандлик ва даромадларни оширишга қаратилган ислоҳотлар Жаҳон банки ва БМТ каби халқаро институтлар томонидан қўллаб-қувватланди. Расмий маълумотларга кўра, 7,5 миллион киши камбағалликдан чиқарилган бўлиб, 2024 йилда миллий қамбағаллик даражаси 8,9 фоизга тушди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми икки баробар ошди, жон бошига тўғри келадиган даромад 2025 йил охиригача 3500 долларга етиши кутилмоқда. Ўсиш мақсадли ижтимоий дастурлар, маҳалла асосидаги жамоавий ташаббуслар ва ер ислоҳотлари ҳисобига таъминланди. COVID-19 пандемияси даврида 2 миллиондан ортиқ оила ижтимоий ёрдам олди, 235 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг қайта тақсимланиши эса 800 минг оила учун қўшимча даромад манбаи бўлди.

АҚШ электрон нашрида таъкидланганидек, Ўзбекистондаги ҳар бир маҳалла бизнес масканига, ҳар бир оила фаровонликдан манфаат кўрадиган даражага етмоқда. Ўзбекистон БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ 2030 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартириш йўлидан бормоқда ва ўн йиллик якунигача камбағалликка бутунлай барҳам берилиши мумкин.

"Ўзбекистон Президенти, шунингдек, барқарор ривожланиш учун глобал ресурсларни сафарбар этиш мақсадида "янги молиявий меъморий тузилма" яратишга чақирди. У 2026 йилда Хивада донор ташкилотлар, молия институтлари ва ҳамкор ҳукуматлар иштирокида халқаро конференция ўтказишни таклиф қилди", – дейилган "The Times of Central Asia" мақоласида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш