"il Giornale": Самарқанд халқаро маданий мулоқотнинг муҳим майдонига айланмоқда
Ноябрь 23, 2025. 13:32 • 2 дақ
• 99
РИМ, 23 ноябрь. /"Дунё" АА /. Италиянинг "il Giornale" газетасида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси якунланларига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда қайд этилишича, орадан қирқ йилдан зиёд вақт ўтгач, ЮНЕСКО илк марта Париждан ташқарида, ўзининг энг нуфузли ассамблеясини ўтказиш учун Ўзбекистонни танлади. Шу билан бирга, тадбир ЮНЕСКО ташкил этилганининг 80 йиллигига тўғри келди ва 190 мамлакат ва халқаро ташкилотлардан 2800 дан ортиқ делегация аъзоларини Самарқандда жамлади.
"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан учрашувдан сўнг ўзининг кириш нутқида тадбирни "ўтмиш ва келажак ўртасидаги кўприк" деб атаб, узоқ вақтдан бери мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришини ифодалаш учун фойдаланиб келаётган "Учинчи Ренессанс" тушунчасини яна бир бор тилга олди. Миллий манфаатлар доирасидан ташқарига чиққан ҳолда, конференция ЮНЕСКО учун тобора кучайиб бораётган можаролар ва геосиёсий рақобат шароитида мулоқот платформаси сифатидаги ролини тасдиқлаш имконияти бўлди", - дейилади нашрда.
Дастур 150 дан ортиқ тадбирларни ўз ичига олган бўлиб, улардан йигирмадан ортиғи Ўзбекистон томонидан ташкил этилган, хусусан, сунъий интеллект этикаси соҳасидаги тадқиқотларга бағишланган Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО-Ўзбекистон халқаро мукофотининг биринчи тақдирлаш маросими ҳам шулар жумласидандир.
Қайд этилишича, Ўзбекистон 1993 йилдан бери ЮНЕСКО аъзоси бўлиб, Бутунжаҳон мероси рўйхатида еттита объект ва Номоддий маданий мерос рўйхатида ўн олтита унсурга эга. Булар орасида Шашмақом анъанавий мусиқаси ҳамда Наврўз байрами ҳам бор.
"Империялар ва маданиятлар учрашадиган тарихий маскан - Самарқанднинг танланиши янада кенгроқ геосиёсий аҳамиятга эга. Марказий Осиё глобал ва минтақавий кучлар ўз таъсирини кенгайтиришга интилаётган янги майдонга айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, ЮНЕСКО минтақага ҳамкорлик мактубини олиб келди. Бир пайтлар империялар пойтахти бўлган, бугунги кунда эса глобал мулоқот майдонига айланган Самарқанд яна цивилизациялар ўртасидаги учрашув ва алмашинувнинг рамзий маконига айланмоқда - энди Ипак йўли карвонлари учун эмас, балки маданий дипломатия учун", - дея якунлайди "Il Giornale" газетаси.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси