"Business Central Asia": Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги йилларда икки баравар ўсиб, 100 миллиард долларлик маррадан ошди
Декабрь 06, 2024. 07:37 • 2 дақ
• 229
ДEҲЛИ, 6 декабрь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистонда чоп этиладиган "Business Central Asia" ойлик журналининг навбатдаги сонида Ўзбекистонга бағишланган туркум материаллар эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Президент Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича "йўл харитаси"ни белгилаб берди" сарлавҳали мақолада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган мажлисда сўзлаган нутқида илгари сурилган долзарб вазифалар мазмун-моҳияти ва аҳамиятига тўхталиб ўтилган.
"Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги йилларда икки баравар ўсиб, 100 миллиард долларлик маррадан ошди. Аҳоли жон бошига даромад 2024 йилда 3 минг долларга етиши кутилмоқда. Экспорт ҳажми қарийб икки баравар кўпайиб, биринчи марта 25 миллиард доллардан ошди, олтин-валюта захиралари эса 40 миллиард долларлик довонни забт этди. Жаҳон банки 2024 йилда Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш суръатлари энг юқори бўлган учта давлат қаторидан жой олишини эътироф этди", – деб таъкидланган мақолада.
Журнал давлатимиз раҳбарининг парламент қуйи палатасидаги нутқида келтирилган қуйидаги рақамларга алоҳида эътибор қаратган. "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилган эди. Барча имкониятлар ишга солингани туфайли бу кўрсаткич жорий йилнинг ўзида 110 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Шундай суръат жадал давом эттирилса, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш салоҳияти мавжуд. Бу аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини кескин яхшилашга асос бўлади.
Нашр Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, келгуси беш йил давомида иқтисодий ўсиш суръатларини 6-7 фоиз даражасида таъминлаш, иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини 85 фоизга етказиш, давлат-хусусий шериклик доирасида йирик лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқа долзарб вазифалар ҳақида батафсил маълумот келтирган.
"Business Central Asia" Ўзбекистон ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий, маданий ва бошқа жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар жараёни ҳақидаги қизиқарли мақолаларни ўз ўқувчилари эътиборига ҳавола қилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда