Logo

АҚШ Конгрессида ўтказилган "Ўзбекистон куни" Америка оммавий ахборот воситалари диққат марказида

Июль 30, 2025. 17:23 • 2 дақ

79
АҚШ Конгрессида ўтказилган "Ўзбекистон куни" Америка оммавий ахборот воситалари диққат марказида

ВАШИНГТОН, 30 июль. /"Дунё" АА/. АҚШ Конгрессида ўтказилган "Ўзбекистон куни" Америка оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Жумладан, Американинг оммабоп "The Times of Central Asia" ва "Diplomatic Watch" нашрлари тадбир ҳақида, шунингдек, мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳиятига бағишланган мақолаларни эълон қилди.

Жумладан, "The Times of Central Asia" нашрининг хабар беришича, Ўзбекистон куни доирасида Ўзбекистон делегацияси иштирокчиларни мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар билан атрофлича таништирди, ташқи сиёсатнинг асосий устувор йўналишларини тақдим этди, минтақавий ва халқаро хавфсизлик масалалари бўйича республика позицияларини билдирди.

"Мамлакат раҳбарияти замонавий дунёнинг етакчи давлатлари, биринчи навбатда, АҚШ билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Томонлар савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни кенгайтиришнинг устувор аҳамиятини таъкидладилар, бу Америка ишбилармонлар делегациясининг Тошкент халқаро инвестиция форумидаги иштироки билан ҳам тасдиқланди", – дейилади нашр.

"Diplomatic Watch" форумда Конгресс аъзолари, Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси раҳбарлари, АҚШнинг қатор компания ва жамғармалари раҳбарлари сўзга чиқиб, минтақадаги ижобий ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланган Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳимлигини таъкидлагани ҳақида ёзди. Савдо, инвестиция, шунингдек, одамлар ва бизнес ўртасидаги алоқа ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида таъкидланди.

Маълум қилинишича, конгрессмен Трент Келли Ўзбекистон-Америка стратегик шериклиги жадал ривожланиб бораётганини олқишлаган. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон ижобий ўзгаришлар йўлидан ишонч билан одимламоқда. Хусусан, инсон ҳуқуқлари мустаҳкамланиб, демократик институтлар кенгаймоқда, халқаро ҳамкорлик имкониятлари яратилмоқда.

"Diplomatic Watch", шунингдек, Ўзбекистон билан сармоявий ҳамкорлик имкониятларига ҳам эътибор қаратиб, мамлакат халқаро инвесторлар учун жозибадор манзилга айланиб бораётгани ҳақида ёзди.

"Сўнгги етти йилда мамлакатга 120 миллиард доллар сармоя жалб қилинди ва 6 мингдан ортиқ корхона ташкил этилди", – дейилади манбада.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш ва сармоявий муҳитни яхшилаш, транспорт тармоғини, жумладан, автомобиль ва темир йўлларни модернизация қилишга қаратилган ислоҳотлар амалга ошириляпти. Қайта тикланадиган энергия манбалари фаол жорий этилиб, барқарор электр таъминоти таъминланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон инвесторларга солиқ имтиёзлари, божхона тўловларидан озод қилиш ва мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш кафолатларини тақдим этмоқда.

Мақола хулосасида, "Ўзбекистон стратегик жойлашуви, бой табиий ресурслари, ривожланган инфратузилмаси ва давлат томонидан тақдим этилаётган кафолатлар билан инвесторларни ўзига фаол жалб этмоқда", – деб ёзилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш