АҚШ Конгрессида "Ўзбекистон куни" тадбири бўлиб ўтди
Июль 25, 2025. 17:46 • 5 дақ
• 144
ВАШИНГТОН, 25 июль. /"Дунё" АА/. Капитолий тепалигида АҚШ Конгрессидаги мамлакатимиз билан ҳамкорлик бўйича кокус аъзолари билан биргаликда "Ўзбекистон куни" тадбири ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда конгрессменлар ва сенаторлар, Конгресс аппарати ва унинг ихтисослаштирилган қўмиталари ходимлари, Давлат департаменти, Пентагон ва АҚШ Савдо вазирлиги вакиллари, Американинг етакчи компаниялари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, нуфузли оммавий ахборот воситалари ходимлари, таниқли экспертлар ҳамда хорижий давлатлар элчилари ва дипломатлари иштирок этди.
Форум давомида Ўзбекистон делегацияси иштирокчиларга мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Ташқи сиёсат стратегиясининг асосий устувор йўналишлари, республиканинг минтақавий ва халқаро хавфсизлик масалалари бўйича қарашлари эълон қилинди.
Мамлакат раҳбарияти замонавий дунёнинг етакчи давлатлари, биринчи навбатда, АҚШ билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани маълум қилинди. Томонлар савдо ва сармоявий соҳадаги алоқаларни кенгайтиришга устувор эътибор қаратилаётганини таъкидладилар, буни жорий йил июнь ойида бўлиб ўтган навбатдаги Тошкент халқаро инвестиция форумида Америка ишбилармон делегацияси иштирок этгани тасдиқлади.
Парламентлараро мулоқот фаоллашгани, шунингдек, 2018 йилда давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган "Ўзбекистон бўйича кокус"нинг ушбу жараёндаги ўрни қайд этилди. Бугунги кунда Кокус икки томонлама муносабатларнинг барча спектри бўйича ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.
Маърузада Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини жадаллаштириш истаги, инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасидаги ислоҳотларнинг ортга қайтмаслигини ва бошқа жиҳатлар Америка компаниялари манфаатларига ҳам жавоб бериши қайд этилди.
Форумда Конгресс аъзолари, Америка – Ўзбекистон савдо палатаси (АЎСП), АҚШнинг қатор компаниялари ва фондлари раҳбарлари сўзга чиқдилар.
Маърузачилар минтақадаги ижобий ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланган Ўзбекистондаги ислоҳотларни юқори баҳоладилар. Савдо, сармоя ва одамлар ва бизнес ўртасидаги алоқалар ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида таъкидланди.
"Ўзбекистон бўйича кокус" ҳамраиси, конгрессмен Трент Келли Ўзбекистон-Америка стратегик шериклиги жадал ривожланиб бораётганини олқишлади. У Ўзбекистон Президентига чуқур ҳурмат билан қарашини билдирди.
"Президент Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман. У дадил ислоҳотчи, ишончли ҳамкор, АҚШнинг самимий дўсти. Унинг раҳнамолигида Ўзбекистон ўзгаришлар йўлидан дадил кетмоқда. Инсон ҳуқуқлари мустаҳкамланмоқда, демократик институтлар кенгаймоқда, халқаро ҳамкорлик учун имкониятлар очилмоқда. Бу ютуқлар барчамизни руҳлантирмоқда. Мен Ўзбекистонда тўрт марта бўлганман, ҳар бир ташриф менда чуқур таассурот қолдирди. Ўзбек халқининг меҳрибонлиги, бой маданий мероси, юртингизнинг меҳмондўстлиги мени ҳайратда қолдирди. Миллий мусиқа санъати, ўзбек ошхонаси, қадимий анъаналар – буларнинг барчаси Ўзбекистонни чинакам ноёб қилади. Биз яқинда "Жексон-Вэник" тузатишини кун тартибимиздан олиб ташлаймиз, чунки Ўзбекистон ҳамма нарсани тўғри қилиб, ислоҳотларни амалга оширмоқда", – деди америкалик конгрессмен.
"Марказий Осиё бўйича кокус" ҳамраиси, сенатор Стив Дэйнс бу галги форумда нафақат Америка вакили, балки Ўзбекистоннинг самимий дўсти сифатида чиқиш қилаётганини таъкидлади.
У 2024 йилнинг март ойида Тошкентга сафари чоғида ўзини уйдагидек, дўстлар даврасида ҳис қилганини айтиб ўтди. Сенатор Ўзбекистон раҳбарияти билан учрашувдан жуда кўп фойдали маълумотлар олганини, улар Марказий Осиёда рўй бераётган ижобий ўзгаришларни тушуниш нуқтаи назаридан муҳим бўлганини таъкидлади. "Ушбу учрашув менинг Марказий Осиё давлатларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга бўлган иштиёқимни кучайтирди", – деди сенатор.
Конгрессмен Кэрол Миллер жорий йилнинг март ойида Ўзбекистонга ташрифи ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
"Қадимий тарихга эга Ўзбекистон мен учун азалдан касбий қизиқиш уйғотади, чунки мен тарихчиман. Ноёб тарихий ва маданий меросга эга мамлакатни ўз кўзим билан кўриш имконияти мен учун бебаҳо тажриба бўлди", – деди у.
Унинг нутқида Ўзбекистон Президенти билан учрашувга алоҳида эътибор қаратилди. У икки томонлама музокараларни юқори баҳолаб, суҳбат ишончли ва очиқ муҳитда ўтганини таъкидлади. "Учрашувда кўтарилган мавзулар нафақат долзарб, балки Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг келажакдаги ривожланиши нуқтаи назаридан ҳам ниҳоятда истиқболли бўлди", – дея қўшимча қилди Кэрол Миллер.
У мамлакатимизга нисбатан "Жексон-Вэник" тузатишларини бекор қилиш ва Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаш унинг устувор вазифалари эканини маълум қилди. Ҳозирда у Конгресс аъзолари билан бу масалаларни тезлаштириш учун яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
"FLSmidth" трансмиллий компанияси катта вице-президенти Питер Фленаган ўз чиқишида унинг компанияси дунёдаги энг йирик мис кони бўлган Олмалиқдаги мис конини қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳасида иштирок этишини билдирди.
Питер Фленаганнинг қайд этишича, лойиҳанинг Олмалиқда амалга оширилиши жаҳондаги энг йирик мис кони Кеннекоттдаги ишлаб чиқариш даражасидан тўрт баравар юқори ишлаб чиқариш ҳажмига олиб келади. У Ўзбекистонда тоғ-кон саноатини ривожлантиришда ишончли шерик бўлишга тайёрлигини тасдиқлади.
"Stirling Foundation" президенти Майлз Хансен Ўзбекистонда ижтимоий соҳани ривожлантиришга кўмаклашиш унинг ташкилоти учун устувор вазифа эканини таъкидлади. "Президент Шавкат Мирзиёевнинг инновацион сиёсати мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, бутун дунёнинг республикага қизиқишини оширишга кучли туртки бермоқда. Ўзбекистонда инсон қадр-қиммати биринчи ўринга қўйиладиган кун тартиби амалга оширилмоқда", – деди у.
Америкалик таҳлилчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Конгрессдаги "Ўзбекистон куни"нинг Ўзбекистон-Америка муносабатлари ривожланиш динамикасини намойиш этишда самарали платформа сифатидаги аҳамиятини алоҳида қайд этдилар.
Глобал нотинчлик шароитида бундай ташаббуслар нафақат ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади, балки Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи жиддий ошганини тасдиқлайди. Расмий Тошкентнинг мутаносиб ташқи сиёсат стратегиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда, бу эса Қўшма Штатларда кенг маъқулланяпти.
Умуман олганда, Капитолий тепалигидаги "Ўзбекистон куни" АҚШ билан икки томонлама кун тартибидаги муҳим воқеага айланди. Форум нафақат мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ютуқларни Американинг кенг аудиториясига тақдим этиш, балки сиёсат, иқтисодиёт ва маданият соҳаларидаги мулоқотларга янги суръат бағишлаш имконини берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади