Эри Арфия: Ўзбекистон Марказий Осиёдаги геосиёсий аҳамиятга эга давлатлардан бири ҳамда Япониянинг ишончли ва дўстона ҳамкоридир
Июль 06, 2026. 08:00 • 3 дақ
• 76
ТОКИО, 6 июль. /“Дунё” АА/. Япониянинг “Asahi Shimbun” машҳур газетасида шу мамлакат ташқи ишлар вазирининг парламентдаги ўринбосари Эри Арфиянинг Ўзбекистонга расмий ташрифи якунлари ҳақида мақола ҳамда унинг икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликка бағишланган интервьюси эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Эри Арфия интервьюда Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги геосиёсий жиҳатдан муҳим давлатлардан бири ва Япониянинг ишончли, дўстона ҳамкори сифатида таърифлаб, мамлакатимизнинг аҳамияти келажакда фақат ортиб боришини таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги стратегик мавқеи, бой минерал ва энергетика ресурслари, шунингдек, демографик салоҳияти ҳамда минтақавий бозор имкониятлари туфайли Япония учун энергетика хавфсизлиги, иқтисодий хавфсизлик ва ресурс дипломатияси нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Эри Арфия май ойида Ўзбекистонга илк ташрифи чоғида мамлакатимизда Японияга нисбатан самимий муносабатни ва юксак ишончни шахсан ҳис қилганини қайд этган. Шунингдек, интервьюда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашувнинг бир қисми ўзбек тилида ўтганини ҳақида сўз юритилган.
Дипломат суҳбат давомида Япониянинг Оролбўйидаги “Тараққиётга расмий ёрдам” (ODA) дастури доирасидаги лойиҳаларига ҳам батафсил тўхталиб, сув танқислиги, тупроқ шўрланиши, иқлим ўзгариши ва аҳоли саломатлиги муаммоларини ҳал этишга қаратилган ташаббусларни давом эттириш ниятида эканини маълум қилган.
Таъкидланишича, Япония бу йўналишда изчил молиявий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Хусусан, 2019 йилда БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) билан ҳамкорликда Оролбўйи аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш ва уларнинг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган 2,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа амалга оширилган. 2023 йилда эса иқлим ўзгаришига чидамли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун 1,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа ҳаётга татбиқ этилган. 2026 йилда сув ресурсларини бошқариш ва улардан самарали фойдаланишга йўналтирилган 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги янги грант лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Шу тариқа, сўнгги йилларда Ўзбекистонга ушбу йўналишда кўрсатилган грант ёрдамининг умумий ҳажми тўққиз миллион уч юз минг АҚШ долларини ташкил этган.
Шунингдек, БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар соғлиқни сақлаш, сув ресурсларини бошқариш, сувни тежайдиган агротехнологияларни жорий этиш ва экологик барқарорликни таъминлаш соҳаларини қамраб олгани ҳамда юқори баҳоланаётгани қайд этилган.
Суҳбатда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш, маҳаллий тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ҳамда ҳудудларда тиббий инфратузилмани ривожлантириш устувор йўналишлар экани белгиланган.
Япония ташқи ишлар вазири ўринбосарининг таъкидлашича, Ўзбекистон каби геосиёсий жиҳатдан муҳим ва Япония учун дўстона бўлган мамлакатлар билан мустаҳкам ишончли муносабатларни йўлга қўйиш минтақадаги барқарорликка хизмат қилади, бу эса, ўз навбатида, Япония хавфсизлигини ва унинг ташқи сиёсий манфаатларини мустаҳкамлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси