Ўзбекистон авиаюк ташиш суръатлари бўйича Марказий Осиёда етакчига айланди
Июль 05, 2026. 16:40 • 3 дақ
• 89
ЎШ, 5 июль. /“Дунё” АА/. Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида ҳаво орқали юк ташиш ҳажми энг юқори суръатларда ўсган давлатга айланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Economist.kg” молиявий нашрига таяниб.
Нашр маълумотига кўра, сўнгги беш йилда Марказий Осиёда авиаюк ташишнинг умумий ҳажми икки баробардан кўпроқ ошган. Таққослаш учун, дунёдаги энг йирик авиаюк марказларидан бири ҳисобланган Гонконгда мазкур кўрсаткич деярли ўзгармаган бўлса, Европанинг асосий юк авиацияси хаби Франкфуртда ташиш ҳажми қарийб 5 фоизга камайган.
Мутлақ кўрсаткичлар бўйича минтақада етакчилик Қозоғистонга тегишли бўлиб, 2019 йилга нисбатан ушбу мамлакатда қабул қилинган, жўнатилган ва тўғридан-тўғри транзит юклар ҳажми 149 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, 182 фоизлик ўсишни қайд этган Ўзбекистон мазкур кўрсаткич бўйича Қирғизистонни ортда қолдирди. Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) бу натижани транспорт ва аэропорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган фаол инвестициялар билан изоҳламоқда.
Қайд этилишича, Марказий Осиёда авиаюк ташиш ҳажмининг ўсишида асосий омил тўғридан-тўғри транзит ҳисобланади. Бунда юклар аэропортлар орқали божхона расмийлаштирувисиз ташилади. Бу амалиёт тарихан АҚШнинг Анкориж шаҳри орқали амалга оширилган техник қўниш моделига ўхшаш тизим асосида йўлга қўйилган.
Натижада тўғридан-тўғри транзитнинг умумий авиаюк ташиш ҳажмидаги улуши 59 фоиздан қарийб 65 фоизга етди. Шу билан бирга, халқаро кирувчи ва чиқувчи юк ташиш ҳажми ҳам ўсишда давом этмоқда. Кирувчи юклар ҳажми ҳануз чиқувчи юклардан юқори бўлиб қолаётган бўлса-да, чиқувчи ташувларнинг жадал ўсиши минтақа энди фақат техник транзит нуқтаси эмас, балки Европа ва Хитой ўртасидаги юк оқимларини жамлаш марказига айланаётганини кўрсатмоқда.
Ҳаво ҳудудига қўйилган чекловлар сабабли кўплаб авиакомпаниялар ўз маршрут тармоқларини қайта шакллантирмоқда. Бу эса Марказий Осиёнинг халқаро логистика тизимидаги аҳамиятини янада оширмоқда. Хусусан, сўнгги беш йил ичида минтақанинг Гонконгга нисбатан улуши тахминан ўндан бир қисмдан қарийб бешдан бир қисмгача, Франкфуртга нисбатан эса бешдан бир қисмдан кам кўрсаткичдан иккидан беш қисмдан ортиқ даражагача ўсган.
Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) экспертлари фикрича, тўғридан-тўғри транзитнинг иқтисодий самараси нисбатан чекланган. Бироқ кирувчи, чиқувчи ва туташ юк ташиш ҳажмининг барқарор ўсиши узоқ муддатли истиқболда аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш, логистика хизматлари сифатини ошириш ҳамда Марказий Осиёнинг халқаро транспорт-логистика салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси