Logo

Бельгия матбуоти Хивада ўтказилган “Лазги” фестивалининг жаҳон маданий алмашинувидаги аҳамиятини қайд этди

Май 08, 2026. 09:55 • 3 дақ

154
Бельгия матбуоти Хивада ўтказилган “Лазги” фестивалининг жаҳон маданий алмашинувидаги аҳамиятини қайд этди
Бельгия матбуоти Хивада ўтказилган “Лазги” фестивалининг жаҳон маданий алмашинувидаги аҳамиятини қайд этди

БРЮССЕЛЬ, 8 май. /“Дунё” АА/. Бельгиянинг нуфузли “Eureflect” ва “Eurasiafocus” нашрларида Марказий Осиё бўйича эксперт Дерья Сойсалнинг Хивада ўтказилган III халқаро “Лазги” рақс фестивалига бағишланган мақоласи эълон қилинди

Мақола муаллифи шу йил 25–30 апрель кунлари Хивада бўлиб ўтган “Лазги” рақс фестивалининг ўтказилиши ва унинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, ушбу тадбир анъаналар ва замонавий санъатни бирлаштирган муҳим халқаро маданий платформа сифатида намоён бўлганини таъкидлаган.

Материалда ёзилишича, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган қадимий Хива шаҳри яна бир бор халқаро маданий мулоқот марказига айланган. Бу тарихий масканда III Халқаро “Лазги” рақс фестивали юқори савияда ўтказилиб, турли давлатлардан келган санъат намояндаларини бирлаштирди.

Фестиваль Хоразмнинг бетакрор ва қадимий рақси — “Лазги”ни тарғиб қилиш, миллий маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда халқлар ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

2019 йилда “Хоразм Лазгиси” ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилгани ушбу санъат турининг халқаро аҳамиятини янада оширди. “Лазги” нафақат рақс, балки инсон туйғулари, табиат оҳанглари ва миллий қадриятларни ўзида мужассам этган бетакрор маданий ифодадир.

Экспертнинг фикрича, “Лазги” ҳаракатлари орқали қувонч, муҳаббат, эзгулик ва ҳаётга муҳаббат каби туйғулар акс этади. Унинг илдизлари Хоразм цивилизациясига бориб тақалади. Археологик ёдгорликлар, хусусан Тупроққалъада топилган тасвирлар ҳам ушбу рақснинг кўп асрлик тарихга эга эканини кўрсатади.

Бугунги кунда “Лазги” икки асосий шаклда ижро этилади: образли ва импровизацияли. Шу жиҳати билан у ҳам миллий анъаналарни сақлаб қолмоқда, ҳам замонавий талқинлар билан бойиб бормоқда.

Нашрларда таъкидланганидек, ЮНЕСКО ва ТЮРКСОЙ ҳамкорлигида ташкил этилган фестиваль бу йил 30 давлатдан 300 дан ортиқ иштирокчини жамлади. Унда машҳур раққослар, санъатшунослар, мусиқашунослар ва маданият намояндалари қатнашди.

Рақс байрами доирасида нафақат концерт дастурлари, балки қатор илмий ва маданий тадбирлар ҳам ташкил этилди. Жумладан, “Жаҳон маданияти ривожида рақс санъати: анъаналар ва умуминсоний қадриятлар” мавзусида халқаро конференция, этнофорум ҳамда ТЮРКСОЙга аъзо давлатлар олий таълим муассасалари ректорларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Фестивалнинг асосий воқеаларидан бири халқаро рақс танлови бўлди. Унда 13 давлатдан 25 та жамоа иштирок этди. Иштирокчиларнинг чиқишлари техника, бадиий маҳорат ва миллий анъаналарни ифода этиш мезонлари асосида баҳоланди.

Танлов якунида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Россия, Беларус ва Хитой вакиллари турли йўналишларда ғолиб деб топилди. Фестиваль Гран-Приси ўзбекистонлик раққоса Моҳира Жовлиевага насиб этди.

Халқаро тадбир давомида турли миллат ва маданиятларга мансуб рақслар намойиш этилди. Бу эса санъатнинг чегара билмас кучини, халқларни бирлаштирувчи аҳамиятини яна бир бор исботлади.

Халқаро “Лазги” фестивали Хиванинг халқаро маданий марказ сифатидаги нуфузини мустаҳкамлаб, Ўзбекистоннинг бой маданий меросини дунёга кенг тарғиб қилишга хизмат қилди. Энг муҳими, ушбу фестиваль миллий анъаналарни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш