Россия ОАВ Самарқанддаги ОТБ йиғилишини кенг ёритди
Май 07, 2026. 19:23 • 3 дақ
• 152
МОСКВА, 8 май /“Дунё” АА/. Россиянинг етакчи оммавий ахборот воситаларида Самарқандда бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар Кенгашининг 59-йиллик йиғилиши кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жумладан, “Sputnik news”да эълон қилинган мақолада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандда ўтказилган ОТБ Бошқарувчилар Кенгаши йиғилишидаги нутқига алоҳида тўхталиб ўтилган. Мақолада 100 дан ортиқ мамлакатдан 4 мингдан зиёд экспертлар, ҳукумат вакиллари, халқаро молиявий ташкилотлар ҳамда йирик банк ва компаниялар иштирок этгани таъкидланган.
Президент ўз чиқишида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини батафсил баён қилиб, бу жараёнларда ОТБ ва бошқа халқаро молиявий институтларнинг ўрни муҳим эканини алоҳида қайд этган.
Шунингдек, у сунъий интеллектни ривожланаётган мамлакатларда кенг жорий этиш учун ОТБ ҳомийлигида махсус дастур ишлаб чиқишни таклиф қилган. Ўзбекистон “Осиё учун рақамли магистрал” ташаббусига қўшилгани ҳамда унинг минтақавий мувофиқлаштириш марказини Тошкентда очиш таклифини илгари сурган.
Президент, шунингдек, транспорт тизимларини ўзаро боғлаш ва логистика йўлакларини барқарор ривожлантириш муҳим вазифа эканини таъкидлаган.
“Взгляд” нашрида эса Самарқанддаги йиғилиш очилиш маросимида Мирзиёев “Марказий Осиё туристик ҳалқаси” ташаббусини илгари сургани ҳақида ёзилган. Ушбу ғоя минтақадаги туризм йўналишларини ўзаро боғлаш ва қўшни давлатлар билан ҳамкорликда ягона туристик макон яратишни кўзда тутади.
Президент фикрича, Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда: визалар енгиллаштирилган, хизмат сифатини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Натижада сўнгги 10 йилда туристлар сони 6 баробарга ошиб, 12 миллионга етган.
Ўзбекистон етакчиси, шунингдек, Ислом цивилизацияси марказининг очилиши ҳамда Самарқандда Имом Бухорийга бағишланган ёдгорлик мажмуасининг қайта таъмирланиши хусусида ҳам тўхталиб ўтган.
“Ритм Евразии” нашрида Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 2030 йилгача мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури бўйича келишувга эришилгани ҳақида маълумот келтирилган. Унинг умумий қиймати 12,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Ушбу дастур доирасида инфратузилмани ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари, ипотека бозори, хусусий сектор, хотин-қизлар ва ёшлар бандлиги, камбағалликни қисқартириш, таълим, инсон капитали, рақамли технологиялар ҳамда махсус иқтисодий зоналарни модернизация қилиш каби йўналишлар қўллаб-қувватланади.
Самарқанддаги ОТБ йиғилиши доирасида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар мамлакатнинг рақамли ривожланиши, туризм, транспорт ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси