“Diplomacy Journal”: Ўзбекистон туризмни ривожлантириш суръатлари бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади

Август 08, 2026. 10:30 • 2 дақ

135
“Diplomacy Journal”: Ўзбекистон туризмни ривожлантириш суръатлари бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади

СЕУЛ, 8 август. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг етакчи “Diplomacy Journal” нашрида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бутунжаҳон саёҳат ва туризм кенгаши (WTTC)нинг “Travel & Tourism Economic Impact Research 2026” ҳисоботи асосида тайёрланган мақолада ёзилишича, 2025 йилда Марказий Осиё дунёдаги энг тез ривожланаётган туристик минтақага айланди. Ўзбекистон эса соҳани ривожлантиришнинг барча асосий кўрсаткичлари бўйича етакчи ўринни эгаллади.

Нашрда таъкидланишича, WTTC тадқиқоти якунларига кўра, 2025 йилда туризмнинг Марказий Осиё ялпи ички маҳсулотидаги жамланма ҳиссаси 17,7 фоизга, соҳанинг тўғридан-тўғри ҳиссаси эса 19,6 фоизга ошди. Минтақанинг туристик хизматлар экспорти ўтган йилга нисбатан 26,4 фоизга ўсиб, 9,9 миллиард долларга етди.

Мақолада Ўзбекистон эришган ютуқларга алоҳида эътибор қаратилган. Қайд этилишича, Марказий Осиё туристик хизматлар экспорти умумий ҳажмининг қарийб ярми айнан Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади — мамлакат 2025 йилда 4,8 миллиард долларлик туристик хизматларни экспорт қилди.

Шунингдек ўқинг

WTTC маълумотларига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси ўртасида ҳам энг оммабоп туристик йўналишга айланди. Муаллифлар буни республиканинг бой тарихий-маданий мероси, замонавий туристик инфратузилманинг ривожланиши ҳамда мамлакатнинг сайёҳлар учун жозибадорлиги ортиб бораётгани билан боғлайди.

Таъкидланишича, 2036 йилга бориб туризм соҳасининг Марказий Осиё иқтисодиётига қўшадиган умумий ҳиссаси 29,7 миллиард долларга етади. Бу соҳани янада ривожлантириш ва минтақанинг жаҳон туризм бозоридаги позициясини мустаҳкамлаш истиқболлари юқори эканидан далолат беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш