“The Economic Times”: Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгайтирилади
Август 08, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 54
ДEҲЛИ, 8 август. /“Дунё” АА/. Ҳиндистоннинг нуфузли “The Economic Times” нашрида Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Тошкентга бўлажак ташрифи арафасида Деҳлида ўтказилган бизнес-форумда Ўзбекистон вакиллари ҳиндистонлик инвесторларни кон-металлургия, олтин, мис, уран каби металларни қайта ишлаш лойиҳаларида фаол иштирок этишга чақирди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар ҳамда савдо ва саноат вазири Пиюш Гоял иштирокида учрашув ўтказилди. Мулоқот чоғида икки томонлама савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш, келгусида эса уни 3–5 миллиард долларга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон олтин, мис ва уран захиралари бўйича жаҳоннинг кучли ўнталигидан жой олган. Ҳозирда мамлакатда ҳинд капитали иштирокидаги 400 га яқин корхона фаолият юритмоқда, қўшма лойиҳалар портфели эса 5 миллиард доллардан ошади.
“The Economic Times” тоғ-кон, кимё саноати, қайта тикланадиган энергетика, фармацевтика ва автомобилсозлик соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари хусусида ҳам тўхталиб ўтган.
Хусусан, Ўзбекистонда ўғит ишлаб чиқаришни кенгайтириш, “яшил” энергетика улушини 2030 йилга бориб 54 фоизга етказиш, “Dr. Reddy's” ва “Cipla” каби йирик компаниялар билан ҳамкорликда дори-дармон ҳамда вакциналар ишлаб чиқариш ва автомобилсозлик учун бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш лойиҳалари истиқболли экани таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси