Миср ОАВ: Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мулоқотни мустаҳкамламоқда
Сентябрь 28, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 176ҚОҲИРА, 28 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг етакчи оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўқитувчиларнинг мақомини ошириш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, “El-Dameer” нашрида педагогларнинг касбий ва ижтимоий мақомини юксалтириш, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш ҳамда касбий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларга бағишланган мақола чоп этилди.
Шунингдек, Самарқанд инсон ҳуқуқлари форуми “El-Dameer” ва “Al-Diplomasy” нашрларида кенг ёритилди. ОАВ 28–29 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳaрларида “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: қадр-қиммат, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлидаги глобал ҳамкорлик” шиори остида ўтказилаётган V Самарқанд форумининг халқаро аҳамиятини қайд этдилар.
Мақолаларда форум инсон ҳуқуқлари, барқарор ривожланиш ва ҳамкорлик масалалари бўйича халқаро мулоқот учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилиши таъкидланган. Шу билан бирга, турли мамлакатлар, маданиятлар ва цивилизацияларни инсон қадр-қиммати, тенглик ва умумий қадриятлар атрофида бирлаштиришга қаратилган ёндашув сифатида “Самарқанд руҳи” концепциясига алоҳида эътибор қаратилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


