Ўзбекистон “Singapore FinTech Festival 2026” фестивалида ўзининг финтех салоҳиятини намойиш этди
Ноябрь 21, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 20СИНГАПУР, 21 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Марказий банки, тижорат банклари ва етакчи финтех-компаниялари вакиллари Сингапурда бўлиб ўтган “Singapore FinTech Festival 2026” халқаро молиявий технологиялар фестивалида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу фестиваль молиявий технологиялар, рақамли банк хизматлари, электрон тўлов тизимлари, сунъий интеллект ва молия соҳасидаги инновацион ечимларга бағишланган йирик халқаро майдонлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон банклари ва финтех-компаниялари фестивалда алоҳида кўргазма стендлари билан қатнашиб, мамлакатимизда рақамли молиявий хизматлар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, маҳаллий компанияларнинг инновацион маҳсулотлари ва инвестициявий имкониятларни тақдим этдилар.
Ўзбекистон вакиллари ялпи ва панель муҳокамаларида сўзга чиқиб, рақамли молия бозорини ривожлантириш, халқаро тўлов тизимларини кенгайтириш, молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш ҳамда хорижий финтех-компаниялар билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Ўзбекистон Марказий банки ҳамда Сингапур Марказий банки ва бош давлат молиявий регулятори функцияларини бажарувчи Пул-кредит бошқармаси ҳузуридаги GFTN ташкилоти вакиллари молиявий технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларига бағишланган тақдимотлар ўтказди.
19 ноябрь куни Ўзбекистон Элчихонаси Ўзбекистон Финтех ассоциацияси билан ҳамкорликда “Uzbekistan: Central Asia’s Emerging Fintech Hub” (“Ўзбекистон: Марказий Осиёнинг ривожланаётган финтех хаби”) мавзусида тақдимот ташкил этди. Тадбир мамлакатимизнинг инвестициявий ва технологик салоҳиятини намойиш этиш, халқаро ҳамжамиятни миллий финтех бозори билан таништириш ҳамда ўзбек компаниялари ва салоҳиятли хорижий ҳамкорлар ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйишга қаратилди. Молия-банк тизимини рақамлаштириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишга бағишланган ушбу анжуман кўплаб хорижий мутахассис ва тадбиркорларнинг эътиборини тортди.
Фестивалда Ўзбекистоннинг етакчи финтех-компаниялари – “Uzum”, “TBC Uzbekistan”, “Paynet”, “Payme”, “OSON” ва “ATMOS” ўз фаолияти, рақамли маҳсулотлари ҳамда халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини намойиш этдилар. Тадбирлар якунида маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасида B2B учрашувлар бўлиб ўтди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


