Минск ва Тошкент энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

Ноябрь 03, 2026. 17:00 • 2 дақ

• 256
Минск ва Тошкент энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

МИНСК, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Беларусь ОАВ “Ўзатом” агентлиги делегациясининг Минск шаҳрига ташрифи давомида Ўзбекистонда миллий атом электр станциясини қуриш учун ўрта бўғин техник кадрларини тайёрлашга ихтисослашган қўшма марказ ташкил этиш бўйича келишувга эришилганини ёритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“БелТА” ахборот агентлиги икки мамлакат энергетика вазирликлари ўртасида 2025–2027 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” амалга оширилаётгани ҳақида мақола эълон қилди.

Материалда ёзилишича, Беларусь Энергетика вазирлигида бўлиб ўтган музокараларда кадрлар тайёрлаш, Минск электротехника заводи билан ҳамкорликда Ўзбекистонда энергетика ускуналари, хусусан, трансформаторлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинган. Беларуснинг атом электр станциясини қуриш ва хавфсиз ишлатиш тажрибаси Ўзбекистоннинг ядро энергетикаси дастурини ишга туширишда амалий кўмак бўлиши таъкидланган.

Шунингдек ўқинг

Беларуснинг “СТВ” давлат телеканалида “Ўзатом” агентлиги директори Азим Ахмедхўжаев билан интервью намойиш қилинди. Дастурда Жиззахда ташкил этилаётган янги қўшма ўқув маркази нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун ядро соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича компетенциялар марказига айланиши қайд этилган.

Беларуснинг энергетика ва таълим соҳаларига ихтисослашган нашрлари ҳам ушбу мавзуга алоҳида эътибор қаратди. Уларнинг маълум қилишича, Жиззах политехника институти филиалида жойлашадиган ўқув марказида замонавий дастурлар асосида юқори малакали электромонтажчилар ва пайвандчилар тайёрланади.

Беларусь ОАВда касб-ҳунар таълими соҳасидаги келишувлар кенг қамровли иқтисодий ва технологик ҳамкорликнинг бир қисми сифатида баҳоланмоқда. Бунда ядро энергетикаси икки томонлама кун тартибининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш