“EuReflect”: 2026 йил сентябрь ойида Тошкентда Бельгия доимий элчихонасининг очилиши икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир
Октябрь 03, 2026. 11:02 • 2 дақ
• 107
БРЮССЕЛЬ, 3 октябрь. /“Дунё” АА/. Бельгиянинг “EuReflect” ахборот нашрида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали қабул маросими ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, тадбирда элчилар, Еврокомиссия вакиллари, Бельгия, Европа Иттифоқи ва НАТО ҳузурида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, шунингдек, Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси (EUROUZ) ва “Ватандошлар” жамоат фонди вакиллари иштирок этди.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон элчиси Ғайрат Фазилов ўз нутқида мустақилликнинг тарихий аҳамиятига тўхталиб, сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, йиллик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори 40–50 миллиард долларга етгани ҳамда Европа Иттифоқи билан стратегик шериклик изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидлади.
Қабулда қатнашган Бельгия Федерал давлат ташқи ишлар хизмати баённома бошлиғи Пьер Картювельс ўзбекистонлик ҳамкасбларини қутлар экан, мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиш суръатларини юқори баҳолади. Бельгиялик дипломат Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини билдириб, 2026 йил сентябрь ойида Тошкентда Бельгиянинг доимий элчихонаси очилгани икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим қадам эканини қайд этди.
Якунда “Ватандошлар” фондининг концерт дастури билан якунланган ушбу байрам кечаси Ўзбекистон, Бельгия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик юқори даражада экани ҳамда дўстона алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганини яққол намойиш этгани қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси