“Infora News”: Ўзбекистонда “Йил ўқитувчиси” танлови ғолиблари 50 минг доллар пул мукофоти билан тақдирланди
Октябрь 01, 2026. 15:30 • 3 дақ
• 72
ИСЛОМОБОД, 1 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Infora News” нашрида “Ўзбекистон: педагог мақомини юксалтириш – таълим тизими ислоҳотларининг бир қисми” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, илгари Ўзбекистонда Ўқитувчилар куни муайян бир санага боғланмаган, октябрь ойининг биринчи якшанбасида нишонланган ва фақат таълим муассасалари ўқитувчиларини қамраб олган.
“1997 йилдан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида белгиланди. Бу кунга давлат байрами ва дам олиш куни мақоми берилди. Байрамнинг мазмун-моҳияти ҳам кенгайтирилиб, у спорт мураббийлари, ишлаб чиқариш усталари ва фаолияти у ёки бу даражада билим ва тажриба бериш, тарбиялаш ёки касбий устозлик билан боғлиқ бўлган бошқа мутахассисларни ҳам қамраб ола бошлади”, – деб ёзган “Infora News”.
Ўзбекистонда ўқитувчиларни пахта терими, ободонлаштириш ишлари, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва маҳаллалардаги йиғимларга жалб этиш амалиётига барҳам берилган. Мажбурий меҳнатнинг тугатилиши педагогларга ўз касбий кўникмаларини ошириш учун кенг имконият яратди.
Муаллиф мажбурий меҳнатга барҳам беришда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарор ва фармонлари, Ўзбекистоннинг мазкур соҳада миллий ҳукуматлар зиммасига юклатилган мажбуриятларни белгилаб берувчи халқаро ҳужжатларга қўшилиши муҳим роль ўйнаганини алоҳида таъкидлаган.
Материалда қайд этилишича, Ўзбекистонда сўнгги йилларда ўқитувчиларнинг ойлик маошлари сезиларли даражада ошди.
“Охирги маълумотларга кўра, мактаб ўқитувчиларининг базавий ставкаси бир меъёрий юклама учун 3,7 миллион сўмни ташкил этса, уларнинг мутлақ кўпчилиги – қарийб 90 фоизи ойига 6 миллион сўмгача (500 доллардан ортиқ) маош олади. Яна бир қисми 6 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача иш ҳақига эга. Энг яхши мактабларда ёки юқори иш юкламаси ва қўшимча устамалар ҳисобига ўқитувчиларнинг маоши 20 миллион сўм ва ундан ҳам кўпроққа етиши мумкин”, – дейилган материалда.
Ўзбекистонда ўқитувчиларга қатор давлат хизматларидан фойдаланишда 50 фоизлик чегирма тақдим этилади. Уларнинг фарзандлари эса давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирганида контракт тўлови бўйича 30 фоизлик чегирма олиш ҳуқуқига эга.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистонда жорий йил педагоглар салоҳиятини аниқлаш, улар ўртасида соғлом касбий рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида ўтказилган “Йил ўқитувчиси” танловида республика бўйлаб 46 мингдан ортиқ ўқитувчи иштирок этди.
Танлов якунларига кўра, жами 208 нафар иштирокчи – мамлакатнинг ҳар бир туман ва шаҳридан биттадан ўқитувчи ғолиб деб топилган. Уларнинг ҳар бири 50 минг доллар миқдорида пул мукофоти билан тақдирланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси