Ўзбекистон Президенти Дания ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Октябрь 02, 2026. 21:19 • 2 дақ

• 37
Ўзбекистон Президенти Дания ташқи ишлар вазирини қабул қилди

ТОШКЕНТ, 2 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссенни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон – Дания муносабатларини сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йили Данияга Ўзбекистоннинг қароргоҳи Стокгольм шаҳрида бўлган илк элчиси тайинланди. Жорий йилда Дания Марказий Осиё бўйича махсус вакилини тайинлади.

Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб беш баробар ошди. Даниянинг етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистонда тоғ-кон, кимё ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ҳамда бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, Дания инвестициялари, илғор технологиялари ва ноу-хауларини энергетика, фармацевтика, транспорт ва логистика, агросаноат мажмуи ҳамда бошқа истиқболли йўналишларга жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.

Таълим, маданият ва туризм соҳаларида алоқаларни ривожлантириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашув якунида ҳамкорликни тизимли равишда кенгайтириш учун институционал ва шартномавий-ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш юзасидан келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш