“Khyber Mail”: Ўзбекистон Туркий давлатлар билан рақамли ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Октябрь 03, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 110
ИСЛОМОБОД, 2 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп “Khyber Mail” онлайн нашрида Ўзбекистон ва туркий давлатлар ўртасидаги рақамли ҳамкорликка бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материалда 2026 йил 15 май куни Туркистон шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг норасмий саммити рақамли технологияларнинг тобора ортиб бораётган аҳамиятини намоён этгани қайд этилган. “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” мавзусидаги учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини шакллантириш, булутли ва квант ҳисоблаш технологияларини ривожлантириш ҳамда ягона рақамли макон яратиш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди.
“Ўзбекистон раҳбари минтақадаги маълумотлар марказларини юқори тезликдаги алоқа каналлари билан боғлашга қаратилган “Рақамли туркий коридор” концепциясини ишлаб чиқиш ва Тошкент шаҳрида ТДТ аъзо давлатлари иштирокида Технологиялар форумини ўтказишни таклиф этди”, – дейилган манбада.
Шунингдек, Туркистондаги саммитда Ўзбекистон етакчиси ёшларнинг истиқболли стартаплари, инновацион ишланмалари ва сунъий интеллектга асосланган ечимларини молиялаштириш учун Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан ташкил этилаётган Қўшма венчур жамғармасига Ташкилотга аъзо бошқа давлатларни ҳам қўшилишга чақиргани маълум қилинган. Бу ташаббус миллий стартап экотизимларини бир-биридан алоҳида ривожлантиришдан кўра, уларни капитал, экспертлик салоҳияти ва бозорлар орқали ўзаро боғлашга қаратилган амалий ёндашувни англатади.
“Khyber Mail” хабар қилганидек, Тошкент шаҳрида “ICT Week Uzbekistan 2026” ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи Технологиялар форуми бўлиб ўтди. Мазкур форум Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркиянинг етакчи технологик парклари ҳамда инновациялар агентликлари вакилларини бирлаштирди.
Тадбир доирасида “IT Park Uzbekistan”, Озарбайжон Инновациялар ва рақамли ривожланиш агентлиги, “Astana Hub”, Қирғиз Республикаси “High Technology Park” ҳамда “Bilişim Vadisi” ўртасида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.
Мақола якунида таъкидланганидек, Ўзбекистон учун Туркий давлатлар билан рақамли ҳамкорлик фақат IT-бизнес билан чекланиб қолмайди. Электрон ҳукумат, телекоммуникация, маълумотлар алмашинуви ва давлат ахборот тизимларини интеграция қилиш ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси