Ўзбекистон делегацияси Афғонистондаги тарихий-маданий мерос объектларини ўрганди

Октябрь 13, 2026. 10:00 • 2 дақ

• 111

МАЗОРИ ШАРИФ, 13 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги директори ўринбосари Азизжон Арипжонов бошчилигидаги делегациянинг Афғонистонга хизмат сафари амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Делегация вакиллари ташриф давомида Афғонистондаги буюк ўзбек алломалари ва мутафаккирларининг мақбаралари, тарихий-маданий обидаларини ўрганди, уларни сақлаш ва қайта тиклаш бўйича афғон томони билан фикр-мулоҳаза алмашди.

Вакилларимиз Балх, Тахор, Сари-Пул ва Фарёб вилоятларидаги тарихий ва маданий мерос обидалари ҳамда уларнинг бугунги кундаги ҳолати билан яқиндан танишди, ёдгорликлар бўйича керакли маълумотларни тўплади.

Меҳмонлар Мазори Шарифдаги Равзаи муборак мақбараси, Тахор вилояти Ишкамиш уездидаги Бобо Раҳим Машраб зиёратгоҳи, Сари-Пул шаҳридаги ғиштдан қурилган тарихий кўприк, Хишт пул ва Эидгоҳ масжидларини кўздан кечирди. Шунингдек, Имомзода Яҳё мақбараси, Фарёб вилояти Андхой уездидаги Бобо Вали Жон мадраса мажмуаси, Алишер Навоий томонидан хайрия усулида қурилган Бобо Вали ҳовузи ва Мирсаид Барака меъморий обидаси билан танишди.

Афғонистоннинг маданият соҳаси вакиллари билан учрашувларда маданий мерос обидаларини қайта тиклаш бўйича Ўзбекистонда катта тажриба ва етук мутахассислар мавжудлиги таъкидланди. Мамлакат ҳудудидаги тарихий обидаларни келажак авлодларга асл ҳолида етказиш борасида ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.

Ўзбек ва афғон халқларини асрлар давомида мустаҳкам тарихий, маданий ва диний ришталар боғлаб туриши, икки халқ Марказий Осиё ва Хуросон минтақасида ёнма-ён яшаб, умумий тарих, маданият ва қадриятларни шакллантиргани таъкидланди. Шунингдек, Афғонистондаги бой маданий мерос обидаларида ўзбек халқининг муносиб ҳиссаси борлиги эътироф қилинди.

Афғонистондаги тарихий-маданий мерос объектлари бўйича маълумотлар йиғилиб, таҳлил қилиниб, обидаларни асраб-авайлаш ҳамда қайта тиклаш бўйича ўзаро Англашув меморандуми имзоланиши режалаштирилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш