“HauptstadtEcho”: Ўзбекистонда таълим ва педагогларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда
Октябрь 12, 2026. 17:39 • 2 дақ
• 79
БЕРЛИН, 12 октябрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг “HauptstadtEcho” нашрида Ўзбекистонда таълим ва педагогларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланганидек, Ўзбекистонда 1 октябрь куни Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланди. Шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёев педагоглар, таълим соҳаси вакиллари билан учрашиб, уларнинг ёш авлодни ўқитиш ва тарбиялашдаги муҳим хизматини муносиб тақдирлади.
Нашрда таълим инфратузилмасини кенгайтириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида тўхталиб ўтилган. Жумладан, сўнгги ўн йилда 1,8 миллион ўринли боғчалар ва 1,5 миллион ўринли мактаблар барпо этилган, 10 мингдан зиёд таълим муассасаси замонавий кўринишга келтирилган.
Ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш соҳадаги муҳим ўзгаришлардан бири сифатида ёритилган. Хусусан, мамлакатда 40 минг нафар ўқитувчи минг АҚШ доллари ва ундан юқори, 1,5 минг нафар педагог эса икки минг доллардан зиёд маош олаётгани келтирилган. Устозларнинг касбий маҳоратини ошириш, илғор тажрибаларини оммалаштириш ва меҳнатини муносиб баҳолашга қаратилган чора-тадбирлар ҳам материалда акс этган.
Материалда жорий йилда ўзбекистонлик ўқувчилар халқаро олимпиадаларда 228 та медални қўлга киритгани, PISA рейтингида 15 ёшли ўқувчилар табиий фанлар бўйича 32 поғона юқорилаб, 48-ўринни эгаллагани таъкидланган. Мактабда ўқиш давридаёқ хорижий тил ва фан сертификатларига эга бўлган ёшлар сони 100 минг нафарга етган.
Муаллиф Германия билан дуал касбий таълим соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. “GP Günter Papenburg AG” компанияси директорлар кенгаши аъзоси Ангела Папенбург ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) лойиҳаси раҳбари Маттиас Клингенбергнинг Ўзбекистон Президенти томонидан “Дўстлик” ордени билан тақдирланганини алоҳида эътироф этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси