Ўзбекистон Ўмон портлари имкониятларидан фойдаланишдан манфаатдор

Октябрь 13, 2026. 12:30 • 3 дақ

• 72
Ўзбекистон Ўмон портлари имкониятларидан фойдаланишдан манфаатдор

МАСКАТ, 13 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Абдусалом Хатамов султонликнинг “Oman” газетасига берган интервьюсида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликнинг ривожланиши ва истиқболлари ҳақида батафсил сўзлаб берди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Дипломатнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги сиёсий алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. Хусусан, 2024–2025 йилларда ташқи ишлар вазирларининг ўзаро ташрифлари, шунингдек, 30 июнь куни Маскат шаҳрида бўлиб ўтган тўққизинчи раунд сиёсий маслаҳатлашувлар ҳамкорликка янги суръат бағишлади.

Элчи икки давлатнинг можароларни тинч йўл билан ҳал этиш, давлат суверенитетини ҳурмат қилиш ва ички ишларга аралашмаслик масалаларидаги қарашлари мос келишини қайд этди. У, шунингдек, Ўзбекистон Ўмоннинг минтақавий инқирозларни бартараф этиш борасидаги дипломатик саъй-ҳаракатларини қатъият билан қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Иқтисодий соҳада томонлар савдо алоқаларини кенгайтириб, логистика, инфратузилма, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва меҳмонхона индустрияси йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда. Дипломат ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида энергетика, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва туризмни алоҳида кўрсатиб ўтди.

Интервьюда транспорт логистикасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Элчининг сўзларига кўра, Ўзбекистон экспорт йўналишларини кенгайтириш учун Ўмон портлари, эркин иқтисодий зоналари ва логистика инфратузилмаси имкониятларидан фойдаланишдан манфаатдор. Яқин вақт ичида “Соҳар» эркин иқтисодий зонасида қўшма Ўмон-Ўзбекистон логистика компанияси ташкил этилгани эълон қилиниши кутилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Бундан ташқари, 2026 йилда Ўмоннинг “Asyad” гуруҳи Ўзбекистондаги иккита йирик логистика маркази ва платформасида салмоқли улушни қўлга киритди.

Абдусалом Хатамов, шунингдек, хорижий компаниялар учун эркин иқтисодий зоналарда яратилган имтиёзларни ўз ичига олган Ўзбекистоннинг инвестициявий имкониятлари ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг келтирган маълумотларига кўра, мамлакатдаги хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 2017 йилдаги қарийб 4 мингтадан ҳозирги кунда 18 мингтага етди, жалб қилинган инвестициялар ҳажми эса 43 миллиард долларга ошди.

Интервьюнинг алоҳида мавзуси сифатида икки халқнинг қадимий Ислом даврига бориб тақалувчи тарихий, маданий ва таълимий алоқалари тилга олинди. Элчи ҳамкорлик мисоллари сифатида Ўмон кўмагида Тошкент шаҳрида ташкил этилган Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти кутубхонаси, шунингдек, ўзбекистонлик талаблар, ўқитувчилар ва дипломатлар учун мўлжалланган таълим дастурларини эслатиб ўтди.

Келгусидаги режалар қаторида Ўмонда Ўзбекистон маданияти кунлари, кўргазмалар, фольклор тадбирлари ва туристик тақдимотларни ўтказиш кўзда тутилган. Дипломатнинг фикрича, ишбилармонлик, илмий, таълимий ва маданий алоқаларнинг ривожланиши ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва икки томонлама муносабатларни стратегик шерикликнинг янги босқичига олиб чиқишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш