“Forschung und Wissen”: Ўзбекистондаги ғордан 80 минг йиллик ноёб буюмлар топилди

Сентябрь 23, 2026. 14:55 • 2 дақ

80
“Forschung und Wissen”: Ўзбекистондаги ғордан 80 минг йиллик ноёб буюмлар топилди

БЕРЛИН, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг “Forschung und Wissen” нашрида Ўзбекистондаги Оби-Раҳмат археологик ёдгорлигидан топилган қарийб 80 минг йиллик буюмлар ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, Тошкентдан қарийб 100 километр шимоли-шарқда, Тянь-Шань тоғларининг ғарбий қисмида жойлашган Оби-Раҳмат ғори Марказий Осиёнинг муҳим палеолит ёдгорликларидан бири ҳисобланади. Ғорда 10 метрдан зиёд маданий қатламлар сақланиб, улардан ўн минг йиллик археологик материаллар топилган.

Халқаро олимлар томонидан ўтказилган янги тадқиқотда ғорнинг энг қадимги қатламларидан топилган майда тош буюмлар замонавий усуллар ёрдамида қайта ўрганилди. Хусусан, учбурчаксимон тош парчаларидаги зарба излари махсус микроскоплар орқали таҳлил қилинди.

Тадқиқот натижаларига кўра, айрим тош буюмлар ўқ ёки найза учи сифатида ишлатилган бўлиши мумкин. Вазни икки граммдан ҳам кам бўлган баъзи намуналар ўлчами ва шакли жиҳатидан оғир найза учларидан кўра ўқсимон қуролларга мос келиши аниқланган. Олимлар Оби-Раҳматда камида уч турдаги қадимги ов қуролларига тегишли элементлар бўлган бўлиши мумкин, деган хулосага келган.

Шунингдек ўқинг

Мақолада ёзилишича, ушбу топилмаларнинг ёши тахминан 80 минг йил деб баҳоланмоқда. Агар уларнинг камон ўқлари сифатида ишлатилгани келгуси тадқиқотларда тасдиқланса, бу масофадан туриб ов қилиш технологияларининг пайдо бўлиши ҳақидаги илмий тасаввурларни кенгайтириши мумкин.

Оби-Раҳматдан аниқланган тош қурол учлари Эфиопиядаги 74 минг йиллик ўхшаш топилмалардан қарийб 6 минг йил қадимийроқ бўлиши мумкин. Таққослаш учун, Франциянинг Мандрин ғоридаги шундай намуналар тахминан 54 минг, Шри-Ланкадаги топилмалар эса 48 минг йил аввалги даврга мансуб.

Уларнинг камон ўқлари сифатида ишлатилгани тасдиқланса, бу Марказий Осиёда қадимги ов технологияларининг ривожланиш тарихини ўрганишда муҳим далил бўлади.

Шу билан бирга, мазкур қуролларни айнан ким тайёрлагани ҳозирча аниқ эмас. Олимлар технология неандерталлар, замонавий инсоннинг илк вакиллари ёки бошқа қадимги аҳоли гуруҳлари билан боғлиқ бўлган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Бу масала бўйича тадқиқотлар давом эттирилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш