"Hospodárske noviny" газетаси: Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили 700 мингдан ортиқ кишига ошмоқда
Ноябрь 18, 2024. 15:47 • 2 дақ
• 168
БРАТИСЛАВА, 20 ноябрь. /"Дунё" АА/. Словакиянинг "Hospodárske noviny" иқтисодий газетасида "Ўзбекистонда аҳоли сони ошмоқда" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақола газетанинг халқаро янгиликлар бўлими бош муҳаррири, 27 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтган парламент сайловларида хорижий ОАВ вакили сифатида иштирок этган журналист Павел Новотны томонидан ёзилган. Унда Ўзбекистондаги демографик ривожланиш ҳолати, ёшларга сифатли таълим бериш ва малакали кадрларни тайёрлашга қаратилган ислоҳотлар қаламга олинган.
Муаллиф Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили 700 мингдан ортиқ кишига ортаётганини, аҳолининг 60 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этишини таъкидлаган. Қайд этилишича, ёшларни малакали кадрлар сифатида тарбиялаш Ўзбекистон ҳукуматининг устувор вазифаси ҳисобланади.
"Таълим мамлакат ривожланиши йўлидаги устувор вазифалардан биридир. Ўзбекистон Ҳукумати болаларнинг мактабга мунтазам қатнашишини доимий равишда назорат қилади. Aгар фарзандлари дарсларини қолдирса, ота-оналар жавобгарликка тортилиши мумкин. Бундай қатъий чоралар ўз натижаларини бермоқда. Яъни болаларнинг 98 фоизи мактабга мунтазам қатнайди", – дейилган нашрда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон ёшлари учун таълим олишга яратилган имкониятларнинг кенг доираси саноатнинг турли соҳаларида иш олиб бораётган хорижий компаниялар учун ҳам катта имтиёздир. Тошкентнинг ўзида 40 дан ортиқ турли олий таълим муассасалари мавжуд. Жумладан, Халқаро Вестминстер университети, Вебстер университети, Турин политехника университети каби нуфузли жаҳон таълим брендларининг филиаллари фаолият юритаётгани хорижлик инвесторлар учун маҳаллий корхоналарига етарлича малакали ишчи кучини жалб қилиш имконини беради.
Шунингдек, материалда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар инвесторлар оқими кўпайишига катта ҳисса қўшгани урғуланган.
"2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон иқтисодиётини хорижий инвесторлар учун кенгроқ очишга олиб келадиган бир қатор ислоҳотларни амалга оширди. Масалан, ўзбек сўмининг тўлиқ конвертация қилиниши қонун билан мустаҳкамланди. Натижада эса инвесторлар Ўзбекистондаги бизнесидан олган даромадларини исталган вақтда ва чекловларсиз доллар ёки еврода ўз мамлакатларига ўтказишлари мумкин бўлди. Бу мамлакатга мисли кўрилмаган миқдордаги инвестициялар қириб келишига сабаб бўлди" – деб ёзади Павел Новотны.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
Кувайт ОАВ: Ўзбекистон туристлар учун жозибали мамлакатга айланмоқда