“Al-Awsat” газетаси: Тошкентда 250 дан ортиқ компания иштирокида халқаро кўргазма ўтказилади
Сентябрь 14, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 89
ҚОҲИРА, 14 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг “Al-Awsat” газетасида Тошкентда 22–24 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Plastex Uzbekistan 2026” халқаро кўргазмаси ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, кўргазмада 11 мамлакатдан 250 дан ортиқ компания ва брендлар иштирок этади. Хусусан, ушбу халқаро намойишда Австрия, Германия, Ҳиндистон, Эрон, Италия, Хитой, Латвия, Россия, Саудия Арабистони, Туркия ва Ўзбекистон вакилларининг қатнашиши кўзда тутилган.
Кўргазма “Iteca Exhibitions” ва “ICA Eurasia Group” компаниялари ташкилотчилигида ўтказилади. Иштирокчилар пластмасса ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш ускуналари, полимер хомашёси ва қўшимчалари, пресс-қолиплар, фильтрлар, ёрдамчи жиҳозлар, қадоқлаш ва қайта ишлаш саноати учун ечимларни намойиш этади.
Нашрнинг маълум қилишича, кўргазмада қатор хорижий компаниялар, жумладан, Германия, Италия ва Туркия фирмалари ўз технологияларини илк бор тақдим қилади. Ўзбекистон номидан, хусусан, термопластик эластомерлар ва улар асосидаги маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи “NOVOPLAST TPE” компанияси иштирок этади.
2025 йилдан бошлаб “Plastex Uzbekistan” кўргазмаси полиграфия, қадоқлаш, пластмасса ва полимер соҳаларини бирлаштирувчи “4P Central Asia” кўргазмаси билан биргаликда ўтказилади.
Кўргазма ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва соҳа мутахассислари учун B2B форматидаги учрашувлар майдони вазифасини ўтайди. Ишбилармонлар ускуналарни иш жараёнида намойиш этиш, технологик ечимларни муҳокама қилиш ва ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятига эга бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси