Ку Гидо: Ўзбекистон билан ҳамкорлик аллақачон оддий савдо доирасидан чиқиб, стратегик шериклик йўналишида ривожланмоқда

Сентябрь 14, 2026. 10:30 • 7 дақ

86
Ку Гидо: Ўзбекистон билан ҳамкорлик аллақачон оддий савдо доирасидан чиқиб, стратегик шериклик йўналишида ривожланмоқда

СЕУЛ, 14 сентябрь. /“Дунё” АА/. “AHA Co., Ltd.” компанияси раиси Ку Гидо Ўзбекистоннинг сўнгги 10 йилликдаги кенг кўламли ислоҳотлари, натижалари ва ютуқлари ҳақида “Дунё” ахборот агентлигига интервью бериб, мамлакатимиз халқига самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади.

– Бу йил Янги Ўзбекистонда ислоҳотлар бошланганига 10 йил бўлди. Сўнгги 10 йилдаги ютуқларни қандай баҳолайсиз?

– Аввало, Янги Ўзбекистон халқини мамлакат ислоҳотларининг 10 йиллиги ҳамда мустақилликнинг 35 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман. Ҳақиқатдан, сўнгги 10 йил Ўзбекистон тарихида кенг кўламли ўзгаришлар даври бўлди. Ислоҳотлар бошлангунга қадар мамлакатнинг маъмурий тизими ва институтлари нисбатан ёпиқ бўлган бўлса, бугунги кунга келиб Ўзбекистон инвесторлар ва тадбиркорларга йўналтирилган очиқ иқтисодиётга жадал ўтмоқда.

Жанубий Корея бизнеси вакили сифатида айтишим керакки, мамлакатингизда тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида улкан ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, иқтисодиётнинг очилиши ва бозор механизмларининг ривожланиши, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, бизнес юритиш шароитларининг яхшиланиши ва солиқ ислоҳоти туфайли хорижий компаниялар ва инвестициялар учун анча барқарор шароитлар яратилди.

Шу билан бирга, инвестицияга йўналтирилган давлат тизимининг шакллантирилиши натижасида вазирликлар ва маҳаллий ҳокимият органлари инвесторларга ҳамкор сифатида қарай бошлади, маъмурий хизматлар сифати ва тезкорлиги эса сезиларли даражада ошди.

Рақамли давлат бошқарувининг ривожлантирилиши, электрон ҳукумат ва онлайн маъмурий хизматларнинг кенгайиши корхоналар фаолияти самарадорлигини жиддий оширди.

Халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши нафақат Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро алоқалар, балки Жанубий Корея, Европа, Яқин Шарқ мамлакатлари, АҚШ, Япония ва бошқа давлатлар билан иқтисодий ҳамкорликнинг сезиларли даражада фаоллашувига олиб келди.

Энг муҳими, ёш кадрларга қобилиятини намойиш этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Айниқса, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали келажак тармоқларини ривожлантиришга тайёргарлик кўриш бўйича давлат стратегияси таҳсинга сазовор.

Бу ўзгаришлар келгусида ҳам янада салмоқли ислоҳотлар, натижалар ва ютуқларга олиб келишига ишончим комил.

– Сизнингча, сўнгги 10 йилдаги ҳамкорликнинг асосий ютуғи нима ва келажакда қайси йўналишлар энг муҳим бўлади?

– Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик аллақачон оддий савдо доирасидан чиқиб, стратегик шериклик йўналишида ривожланмоқда. Айниқса, автомобилсозлик, электрон саноат, қурилиш, энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа йўналишларда муваффақиятли ҳамкорлик амалга оширилмоқда.

Ўйлайманки, келажакда қўшма ишлаб чиқаришга (Joint Manufacturing) асосланган ҳамкорлик тобора муҳим аҳамият касб этади. AHA компанияси ҳам Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, технологиялар трансферини амалга ошириш ва экспортни кенгайтириш билан бир вақтда интеллектуал таълим ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳасини амалга оширмоқда.

Истиқболда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги ўсиш драйверлари сифатида сунъий интеллект, “ақлли” фабрикалар, яримўтказгичлар ишлаб чиқаришнинг кейинги босқичлари, аккумулятор технологиялари, энергия жамғариш тизимлари (ESS), электромобиллар учун қувватлаш мосламалари, рақамли таълим, тиббий сунъий интеллект ва “ақлли” шаҳарлар хизмат қилиши мумкин.

– Айтингчи, инвестициялар учун қулай иқтисодий муҳитнинг яратилиши халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга бўлган ишончини қай даражада оширди?

– Фикримча, инвесторлар учун қулай шарт-шароит ва имкониятларнинг яратилиши халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга бўлган ишончини сезиларли даражада юксалтирди. Инвестор учун солиқ имтиёзларидан кўра, барқарор ва олдиндан аниқ бўлган қоидалар ҳамда самарали институтлар муҳимроқдир.

Сўнгги 10 йил ичида Ўзбекистон қонунчиликни такомиллаштириш, инвестицияларни ҳимоя қилиш, хорижий сармояларни кенгайтириш, хорижий молия институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва кредит рейтингини яхшилаш орқали тобора ишончни мустаҳкамламоқда.

Жанубий Корея компаниялари бугунги кунда Ўзбекистон бозорига кириш имкониятларини аввалгига қараганда анча фаол кўриб чиқмоқда. Шахсан ўзим шу ерда бевосита ишлаб, маъмурий хизматлар сезиларли даражада яхшилангани ва ҳукуматнинг инвестицияларни жалб этишга қизиқиши ортганини ҳис қилдим.

Ўйлайманки, бу ишонч даражаси Ўзбекистонга янада кўпроқ нуфузли компаниялар ва сармояларни жалб қилишга хизмат қилади.

– Барқарор ривожланиш, “яшил” иқтисодиёт ва рақамли трансформация каби йўналишларда ҳамкорлик учун яна қандай имкониятлар мавжуд?

– Корхонамиз жойлашган “Эко-сити”нинг номиёқ “яшил” иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш рамзидир. Юқори технологияли электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш энергия самарадорлиги, “ақлли” ишлаб чиқариш ва рақамли трансформация билан бевосита боғлиқ, шу боис бу соҳада икки томонлама ҳамкорлик салоҳияти ниҳоятда катта.

Шунингдек ўқинг

Ўйлашимча, келажакдаги энг муҳим имконият сунъий интеллектга асосланган саноат инновацияси бўлади. Сунъий интеллект нафақат ишлаб чиқариш, балки таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, давлат бошқаруви, транспорт ва деярли барча бошқа соҳаларни ўзгартирмоқда.

Ўзбекистон жуда ёш демографик тузилишга эга. Шу сабабли сунъий интеллект соҳасида мутахассислар тайёрлаш учун улкан салоҳиятга эга. Жанубий Корея илғор рақамли ва ишлаб чиқариш технологияларига эга бўлса, Ўзбекистон салмоқли ўсиш салоҳияти ва иқтидорли кадрларга бой.

Агар икки мамлакат сунъий интеллект соҳасида таълим, тадқиқот марказлари, рақамли давлат бошқаруви, “ақлли” шаҳарлар, “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва экологик тоза энергетикани биргаликда ривожлантирса, бу нафақат Марказий Осиё, балки бутун минтақа учун ҳам намуна бўла оладиган муваффақиятли моделни яратиш имконини беради.

– Ўзбекистоннинг қайси халқаро ташаббусларини энг аҳамиятли деб ҳисоблайсиз?

– Мен Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган очиқ минтақавий ҳамкорлик (Open Regional Cooperation) сиёсатини юқори баҳолайман. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшни давлатлар билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириш минтақавий барқарорлик ва изчил ўсиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт-логистика йўлакларини ривожлантириш, энергетика ва савдо соҳасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш Ўзбекистоннинг Евроосиёдаги муҳим марказлардан бирига айланишига хизмат қиладиган стратегик йўналишлардир.

Жанубий Корея ва Марказий Осиёни боғлайдиган иқтисодий ҳамкорлик платформасини янада фаоллаштириш ҳар икки томоннинг ўсиши ва ривожланиши учун янги имкониятлар очиши муҳим аҳамиятга эга.

– Ўзбекистоннинг қайси ислоҳотлар тажрибаси бошқа мамлакатлар учун ҳам фойдали бўлиши мумкин?

– Мен учун энг таъсирли жиҳати ислоҳотларнинг изчил ва айни пайтда босқичма-босқич эканидир. Ўзбекистон қисқа муддатда реал шароит ва миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда институтларни босқичма-босқич такомиллаштириб борди. Бу жуда катта аҳамиятга эга.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ҳукумат хорижий инвесторлар, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор билан доимий мулоқотда бўлиб, шу асосда давлат сиёсатини такомиллаштириб бормоқда.

Ислоҳотлар – бу нафақат институтлар ва қонунчиликни ўзгартириш, балки ишончни шакллантириш жараёни ҳамдир. Сўнгги 10 йил давомида Ўзбекистон бу ишончни мунтазам мустаҳкамлаб келмоқда ва ушбу тажриба бошқа ривожланаётган мамлакатлар учун муҳим намуна бўла олади.

– Сизнингча, келгуси 10 йилликдаги ислоҳотларнинг энг муҳим вазифалари нималардан иборат?

– Яқин йилларда айнан инновациялар суръати ва инсон капитали давлатнинг рақобатбардошлигини белгилаб беради.

Ўзбекистон учун устувор вазифалар сифатида сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, таълим тизимини ислоҳ қилиш ва жаҳон андозаларига мос кадрлар тайёрлаш каби йўналишларни алоҳида таъкидлаган бўлардим.

Шунингдек, углерод нейтраллиги ва “яшил” иқтисодиёт кўламини кенгайтириш, логистика ва транспорт инфратузилмасини мустаҳкамлаш, илмий тадқиқотлар ва ишланмаларга (R&D) сармояларни кўпайтириш, хусусий секторнинг инновацион салоҳиятини кучайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга саналади.

– Ўзбекистон халқи ва раҳбариятига тилакларингиз.

– Яна бир бор Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг 10 йиллиги ва мустақилликнинг 35 йиллиги билан самимий табриклайман.

Ўтган 10 йил ичида Ўзбекистон кенг кўламли ислоҳотлар ва ўз халқининг саъй-ҳаракатлари туфайли улкан натижаларга эришди. Ишончим комилки, келгуси 10 йил янада катта муваффақият даври бўлади.

Компаниямиз Фарғона вилоятидаги Эко-шаҳар ҳудудида юқори технологияли саноат ва интеллектуал таълимни ривожлантириш, сифатли иш ўринларини яратиш ҳамда технологик ҳамкорликни кенгайтиришга ҳисса қўшишда давом этади.

Сўзим якунида Ўзбекистон ҳукумати ва халқига сиҳат-саломатлик, бахту саодат ва фаровонлик, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари эса янада мустаҳкамланиб, ривожланишини тилаб қоламан.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш