“Известия” газетаси: Жаҳонда Марказий Осиёга қизиқиш кескин ортмоқда
Сентябрь 20, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 161
МОСКВА, 20 сентябрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг “Известия” энг қадимги кундалик газетасида “Талашдаги минтақа: дунёда нима учун Марказий Осиёга қизиқиш кескин ортди” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада яқинда Сеулда бўлиб ўтган “Корея Республикаси – Марказий Осиё” биринчи саммити ҳақида сўз юритилади. Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Жанубий Корея етакчилари Саноат кооперацияси йўналишини мустаҳкамловчи Сеул декларациясини имзоладилар.
Маълум қилинишича, Қозоғистон Сеул билан муносабатлар мақомини ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарди. Ўзбекистон ва Туркманистон, ўз навбатида, транспорт, авиация ва инвестицияларни ҳимоя қилиш соҳаларида қатор битимлар тузди.
Нашр маълумотларига кўра, томонлар табиий ресурсларни, жумладан, камёб ер металларини Корея технологияларига алмашиш бўйича ҳам келишиб олдилар. Шу билан бирга, Корея Республикаси Европа ва Яқин Шарқ бозорларига чиқиш учун транспорт коридорларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
“Известия” газетаси сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатларининг 2023 йилда Сиань шаҳрида Хитой билан, “5+1” форматида АҚШ билан, шунингдек, Европа Иттифоқи билан биринчи саммитлари, Италия, Германия, Франция ва Япония етакчилари билан учрашувлари бўлиб ўтганини қайд этади. Россия ҳам ШҲТ, ЕОИИ ва ўз “5+1” форматлари орқали яқин алоқаларни сақлаб келмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси