“Московский комсомолец” газетаси: Турли мамлакатлар биринчи хонимлари болаларга ёрдам бериш учун Ўзбекистонда жам бўлди
Ноябрь 01, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 40
МОСКВА, 1 ноябрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг нуфузли “Московский комсомолец” газетаси веб-сайтида “Турли мамлакатлар биринчи хонимлари болаларга ёрдам бериш учун Ўзбекистонда жам бўлди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда Самарқанд шаҳри оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича Бутунжаҳон саммитига мезбонлик қилгани, ушбу анжуман Ўзбекистоннинг халқаро гуманитар миссияларни амалга оширишдаги салмоқли ҳиссасини яққол намоён этгани таъкидланган. Нуфузли тадбирда қатор давлатларнинг биринчи хонимлари, БМТ ва ЮНИСЕФ раҳбарияти, жаҳоннинг етакчи педиатрлари ҳамда болалар фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган бошқа делегатлар иштирок этди.
Мақолада Ўзбекистонда болалар саломатлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар Биринчи хоним Зироат Мирзиёева ҳамда Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева раҳбарлигида амалга оширилаётган амалий ташаббуслар билан узвий боғлиқлиги алоҳида қайд этилган.
Таъкидланишича, ушбу йўналишдаги ислоҳотлар натижасида республикада ногиронлиги бўлган болалар учун ноёб реабилитация марказлари ташкил этилди, васийлик тизими тубдан ислоҳ қилинди, генетик касалликларни эрта аниқлаш ҳамда эмлаш дастурлари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Муаллиф Самарқанднинг мазкур форум учун танлангани бежиз эмаслигига эътибор қаратиб, бу қадимий шаҳар бой тарихий меросни замонавий инфратузилма билан уйғунлаштирган ҳолда глобал мулоқот марказига айланиб бораётганини қайд этган. Хусусан, “Silk Road Samarkand” мажмуаси нафақат саммитга, балки Болалар онкологияси бўйича халқаро конгрессга ҳам юқори савияда мезбонлик қилди.
Мақола якунида саммит қатнашчилари болаликни ҳимоя қилиш йўлида кучларни бирлаштиришга келишиб олгани ва бу борадаги саъй-ҳаракатларни акс эттирувчи Самарқанд декларацияси қабул қилингани мамнуният билан эътироф этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси