«Daily News Hungary»: Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти доирасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Октябрь 29, 2026. 15:30 • 2 дақ

• 132
«Daily News Hungary»: Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти доирасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

БУДАПЕШТ, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. Венгриянинг “Daily News Hungary” нашрида Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги саммитларда фаол иштирокига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, бугунги кунда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, савдо алоқаларини кенгайтириш ва қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш минтақавий тараққиётнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.

Ташкилотга аъзо давлатларнинг жами иқтисодий салоҳияти 2,1 триллион доллардан ошгани, 2025 йилда улар иқтисодиётининг ўсиш суръати 6,8 фоизни ташкил этгани ҳамда Ўзбекистоннинг ташкилот мамлакатлари билан товар айланмаси 10,8 миллиард долларга етгани ҳамкорлик имкониятлари нақадар кенг эканини кўрсатади.

Ўзбекистон ушбу жараёнларда фаол иштирок этиб, иқтисодий ташаббусларни аниқ механизмлар ва амалий лойиҳаларга айлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, “Янги иқтисодий имкониятлар макони”ни шакллантириш, Туркий давлатлар иқтисодий шериклиги бўйича доимий кенгаш тузиш ва унинг лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштириш таклифлари ўзаро савдо, бизнес ва инвестиция алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Шунингдек ўқинг

Саноат кооперациясини ривожлантириш ҳам устувор вазифалардан биридир. Машинасозлик, электротехника, фармацевтика, тўқимачилик, нефть-кимё ва озиқ-овқат саноати каби тармоқларда қўшма ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш орқали юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт географиясини кенгайтириш мумкин.

Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон учун транспорт-транзит салоҳиятини ошириш ҳам иқтисодий интеграциянинг стратегик йўналишидир. Ўрта коридорни Хитой­–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли билан боғлаш, истиқболда Трансaфғон коридори имкониятларидан фойдаланиш Марказий Осиёни Осиё ва Европа бозорларини туташтирувчи муҳим транспорт марказига айлантиришга замин яратади.

Рақамли иқтисодиёт ва “яшил” тараққиёт ҳам ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидир. Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини шакллантириш ва “Рақамли туркий коридор” концепциясини ишлаб чиқиш бўйича ташаббуслари минтақанинг технологик салоҳиятини оширишга қаратилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш