“The Times” газетаси Тошкентни британияликлар учун тавсия этиладиган сайёҳлик йўналишлари қаторига киритди

Ноябрь 05, 2026. 17:40 • 2 дақ

• 34
“The Times” газетаси Тошкентни британияликлар учун тавсия этиладиган сайёҳлик йўналишлари қаторига киритди

ЛОНДОН, 5 ноябрь. /“Дунё” АА/. Британиянинг “The Times” нашри Тошкент ҳақида махсус мақола эълон қилиб, Ўзбекистон пойтахтини мазмунли вақт ўтказишга арзийдиган сайёҳлик йўналиши сифатида эътироф этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақола муаллифи, журналист Клер Буббаер Тошкент шаҳридаги тарихий мерос ва замонавий маданий ҳаёт уйғунлигига алоҳида эътибор қаратган. У асосий диққатга сазовор жойлар қаторида 2026 йилда очилган Ислом цивилизацияси маркази, Замонавий санъат маркази, Амалий санъат музейи ҳамда машҳур Чорсу бозорини эътироф этган.

Тошкент меъморчилиги, жумладан, ўзига хос безатилган метро бекатлари, модернизм услубидаги бинолар ва тарихий шаҳар масканлари алоҳида қайд этилган. Нашр маълумотларига кўра, пойтахтдаги модернизм услубига оид ўнта архитектура объекти ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси мақомини олган.

“Ўзбекистон саёҳатчилар томонидан Буюк ипак йўли бўйлаб сафар давомида шунчаки йўл-йўлакай тўхтаб ўтишдан кўра, кўпроқ эътибор қаратилишига муносибдир”, — дея таъкидлаган Клер Буббаер Тошкент ҳақида фикр билдирар экан.

Шунингдек ўқинг

Миллий ошхона ҳам эътибордан четда қолмаган. Британиялик сайёҳларга манти, лағмон ва паловнинг турли ҳудудларга хос турларини татиб кўриш тавсия этилган. Муаллиф гастрономик манзиллар орасида ўзбек ошхонаси анъаналари билан танишиш ҳамда улкан қозонларда ош дамланишини томоша қилиш мумкин бўлган “Афсона” ва “Бешқозон” ресторанларини алоҳида кўрсатган.

Мақолада пойтахтда тунаб қолиш учун “Farovon Tashkent”, “Sapiens Hotel”, “Swissôtel Tashkent” каби меҳмонхоналар тавсия қилинган. Сафарнинг афзалликлари қаторида “Uzbekistan Airways” ва “Qanot Sharq” авиакомпаниялари томонидан Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани қайд этилган.

“The Times” мақоласи Тошкентни нафақат Самарқанд, Бухоро ва Хива билан танишиш учун бошланғич нуқта сифатида, балки замонавий маданий ҳаёти, бетакрор меъморчилиги, гастрономияси ва бой тарихий мероси билан ўзига хос сайёҳлик жозибасига эга шаҳар сифатида ҳам намоён этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш