“Bankier.pl”: Ўзбекистон кенг кўламли қурилишларни бошлаб юборди
Ноябрь 04, 2026. 20:00 • 2 дақ
• 172
ВАРШАВА, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Польшанинг нуфузли “Bankier.pl” порталида “Ўзбекистон кенг кўламли қурилишларни бошлаб юборди. Миллион аҳолига мўлжалланган янги шаҳар” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятида Янги Қарши шаҳрини барпо этиш ташаббуси ҳақида батафсил сўз юритилган. Шаҳар дастлабки босқичда 500 минг, келажакда эса миллион нафар аҳолига мўлжалланган. Лойиҳа учун асосан фойдаланилмайдиган ерлар ва яйловлардан иборат 5,2 минг гектар ҳудуд ажратилган.
Нашрнинг қайд этишича, янги шаҳарга вилоят ҳокимияти органларини кўчириш, шунингдек, конгресс-холл, концерт заллари, меҳмонхоналар, аквапарк, сунъий кўл ва халқ ҳунармандчилиги марказини ўз ичига олган туристик мажмуа қуриш режалаштирилган. Лойиҳани амалга оширишга хорижий архитектура компанияларини жалб этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, мақолада 2023 йилда бошлаб юборилган Янги Тошкент қурилиши ҳақида ҳам сўз боради. Президент матбуот хизмати маълумотларига кўра, бу ерда аллақачон 2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилган.
Турар жойлар, университет кампуслари, кутубхона, амфитеатр, боғ ва мактаб барпо этилган. Келажакда мазкур янги шаҳар аҳолиси 2 миллион кишига етиши кутилмоқда.
Мақола сўнггида муаллифЎзбекистон ҳақидаги маълумотномаларни ҳам келтириб ўтган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси