Ўзбекистон ташаббуслари туркий дунё интеграциясига янги суръат бағишлайди
Ноябрь 04, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 79
БОКУ, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Озарбайжоннинг “Ədəbiyyat və incəsənət” (“Адабиёт ва санъат”) нашрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган XIII саммитида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган муҳим ташаббуслар ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, Евроосиёнинг стратегик муҳим ҳудудида жойлашган туркий давлатлар улкан иқтисодий ва транзит салоҳиятига эга. Ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиш, айниқса, Шарқ ва Ғарбни боғловчи транспорт йўлакларини ривожлантириш ташкилотнинг устувор вазифаларидан биридир.
Муаллиф Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев саммитда туркий давлатлар ўртасидаги шерикликни янада мустаҳкамлаш ва ташкилот фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурганига эътибор қаратган.
Хусусан, Ўзбекистон раҳбари учинчи мамлакатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида “Туркий давлатлар ташкилоти плюс” (ТДТ+) форматига асос солишни таклиф этгани қайд этилган. Шунингдек, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тижорат масалалари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам механизмларини такомиллаштириш ва электрон ҳужжат алмашинуви платформасини яратиш бўйича ташаббусларга алоҳида тўхталиб ўтилган.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистоннинг 2027 йилни ТДТ доирасида “Табиатни муҳофаза қилиш йили” деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланган. Бу экологик ҳамкорликни кенгайтириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга янги суръат бағишлаши кутилмоқда.
Нашрда Ўзбекистон вакили Мирвоҳид Азимовнинг ташкилот Бош котиби лавозимига номзоди қўллаб-қувватлангани ҳамда ТДТнинг навбатдаги саммитини 2027 йилда юртимизда ўтказишга қарор қилингани алоҳида эътироф этилган.
“Анқара саммити туркий давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ва минтақавий шерикликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим имкониятлар яратди”, – дея хулоса қилган Озарбайжон нашри.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси