Қозоғистон ОАВ: Ўзбекистон 22-Халқаро “Транспорт ва логистика” кўргазмасига тайёргарлик кўрмоқда
Ноябрь 04, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 134
ОСТОНА, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг “DKNews.kz” ахборот нашри рус ва инглиз тилларида “10–12 ноябрь кунлари Ўзбекистон пойтахти 22-Халқаро “Транспорт ва логистика — TransLogistica Uzbekistan 2026” кўргазмасини қабул қилади” сарлавҳали мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, нуфузли кўргазма жорий йилнинг 10–12 ноябрь кунлари “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазма мажмуасида бўлиб ўтади. Унда Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Хитой, Жанубий Корея, Латвия, Литва, Нидерландия, БАА, Россия ва Ўзбекистон каби 11 та давлатдан 70 дан ортиқ экспонент иштирок этишини тасдиқлаган.
Нашрнинг ёзишича, кўргазмада темир йўл, автомобиль, авиация ва денгиз транспорти соҳасидаги ишланмалар, замонавий логистика хизматлари ҳамда рақамли ечимлар, давлат инфратузилмавий лойиҳалари ва халқаро транспорт йўлаклари йўналишлари намойиш этилади. Хусусан, Марказий Осиёни халқаро бозорлар билан боғлайдиган Ўрта йўлакнинг янги логистика йўналишлари ва имкониятларига алоҳида эътибор қаратилади.
Анжуманнинг асосий тематик бўлимлари сирасига ҳаво транспортида юк ташиш, экспедиторлик, автомобиль ва темир йўл қатнови, омбор логистикаси, электротранспорт ҳамда қувватлаш инфратузилмаси, омборларни автоматлаштириш ва робототехника, телематика, шунингдек, рақамли TMS/WMS тизимлари киритилган.
Мақолада ўтган йилги кўргазма натижалари ҳам келтирилган. Иштирокчиларнинг 92 фоизи тадбир давомида янги мижозлар ва ҳамкорлар топганини билдирган бўлса, экспонентларнинг 87 фоизи кейинги йилларда ҳам қатнашиш ниятида эканини тасдиқлаган. “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва “ICA Eurasia Group” форум ташкилотчилари ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси