Logo

“Global Korea post”: 2025 йилда Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳити барқарор ўсишни намойиш этди

Февраль 17, 2026. 11:41 • 2 дақ

102
“Global Korea post”: 2025 йилда Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳити барқарор ўсишни намойиш этди

СЕУЛ, 17 февраль. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг нуфузли “Global Korea post” газетасида “2025 йилда Ўзбекистонда бизнес муҳит таҳлили – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тадқиқоти” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тадбиркорлар ўртасида ўтказилган ойлик сўровномалар асосида Ўзбекистон ишбилармонлик муҳитининг 2025 йилдаги таҳлилий натижаларини тақдим этган. Қайд этилишича, йиллик ўртача ишбилармонлик муҳити индекси 57 пунктни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 7 фоизга ўсган. Ушбу ижобий динамика, асосан, жорий ҳолатни баҳолаш кўрсаткичларининг 22 фоизга яхшилангани ҳисобига таъминланди, бу эса мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотларнинг бевосита натижаси сифатида кўрилмоқда.

“Тармоқлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари хизмат кўрсатиш (14,7 фоиз) ва қурилиш (14,2 фоиз) соҳаларида қайд этилди. Минтақавий даражада эса Қашқадарё (27 фоиз), Жиззах (23 фоиз) ва Хоразм (17 фоиз) вилоятларида ишбилармонлик муҳити сезиларли даражада яхшиланган. Сўровнома натижалари шуни кўрсатдики, тадбиркорларнинг 66 фоизи товар ва хизматларга бўлган талаб ортишини кутмоқда, 57 фоизи эса ишчи кучини кенгайтиришни режалаштирган. Бандлик индекси йил давомида 12 фоизга ошиб, айниқса хизмат кўрсатиш ва қурилиш тармоқларида юқори меҳнат талаби сақланиб қолди”,- деб ёзилган мақолада.

Шунингдек, нашрда таъкидланишича, Германиянинг Ifo институти методологияси асосида шакллантирилган мазкур индекс Ўзбекистонда иқтисодий фаолликнинг юқори даражада эканини тасдиқлайди. Йил якунига кўра, инфляциявий кутилмаларнинг пасайиши ва бозор конъюнктурасининг мустаҳкамланиши тадбиркорлар ўртасида ижобий кайфият сақланиб қолишига хизмат қилди. Ишбилармонлик муҳитининг бундай барқарорлиги хорижий инвесторлар учун мамлакат иқтисодиётининг жозибадорлигини оширишда ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш