Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Кувайт ОАВ диққат марказида
Апрель 02, 2026. 14:24 • 3 дақ
• 70
АЛ-КУВАЙТ, 3 апрель. /“Дунё” АА/. Кувайтнинг “Q8 Press” электрон нашрида “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро оммавий ахборот воситалари диққат марказида” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Q8 Press”нинг ёзишича, Тошкент шаҳрида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жаҳон оммавий ахборот воситаларида катта қизиқишга сабаб бўлган. Йирик халқаро медиа ташкилотлар ушбу мажмуани “улкан глобал лойиҳа”, “Марказий Осиёнинг дурдонаси” ва ислом цивилизациясини замонавий талқинда қайта англашга хизмат қилувчи майдон сифатида баҳолаган.
Маълумотларга кўра, марказ ҳақидаги мақола ва таҳлилий материаллар 20 дан ортиқ мамлакатда, шу жумладан инглиз, араб, испан ва хитой тилларида чоп этилган. Умумий қамрови 1,5 миллиарддан ортиқ аудиторияни ташкил этади, бу эса лойиҳага бўлган халқаро қизиқишни яққол кўрсатади.
Халқаро нашрлар марказ очилишининг рамзий аҳамиятига ҳам эътибор қаратган. “Arab News” нашри марказнинг муқаддас Рамазон ойида очилганини таъкидлаб, бу ҳолат саккиз йил аввал пойдевор қўйилган пайт билан уйғунлашганини қайд этган. Бу эса лойиҳага маънавий ва тарихий мазмун қўшади.
“Khaleej Times” марказни замонавий технологиялар ва илмий ёндашувлар орқали меросни намоён этувчи илғор намуна сифатида баҳолаган. “Forbes” нашри эса марказни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган очиқлик ва тараққиёт стратегиясининг бир қисми сифатида баҳолаган.
“The Wall Street Journal” марказни бой тарихий меросни замонавий услубда тақдим этувчи маскан деб таърифласа, “CNN” уни Марказий Осиёнинг асрлар давомида шаклланган интеллектуал меросини жаҳонга намоён этувчи “ойна” сифатида қиёслаган.
“China Daily” марказни Ўзбекистондаги энг муҳим маданий ва илмий лойиҳалардан бири сифатида эътироф этган ва унинг Хитой билан маданий ҳамкорликдаги аҳамиятига эътибор қаратган. “The Korea Times” эса марказни замонавий платформа сифатида баҳолаб, ислом цивилизациясининг инсоний қадриятларини акс эттиришини қайд этган.
“Euronews” марказни таълим, илмий тадқиқот ва музей форматини бирлаштирган янги илмий-маданий маскан сифатида кўрсатган, “ABC” нашри эса уни тарихий Ипак йўли меросини қайта тиклаш билан боғлаган.
Бошқа оммавий ахборот воситалари марказнинг архитектура ва экологик жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор қаратган. “Hello Magyar” дизайни замонавий барқарорлик талабларига мослигини таъкидласа, “Yeni Konya” уни сўнгги асрдаги энг муҳим маданий ва санъат ютуқларидан бири деб баҳолаган. “Caliber.az” платформаси марказнинг улканлиги ва ўзига хослиги сабабли Гиннесс рекордлар китобига кириши мумкинлигини таъкидлаган.
Марказ нафақат маданий ёдгорлик ёки музей бўлиб қолмай, балки мамлакатларнинг ўз меросини қайта кашф этиб, уни замонавий услубда жаҳонга тақдим этиш жараёнининг бир қисми сифатида намоён бўлмоқда. Ташриф буюрувчилар учун очилиши билан маданий туризм ривожланиши ва Ўзбекистонга бўлган халқаро қизиқишнинг янада ортишини кутмоқда.
Бугун ушбу лойиҳа нафақат сайёҳлик нуқтаи назаридан муҳим, балки маданиятлараро мулоқотни ривожлантирувчи ва турли халқлар ўртасида кўприк вазифасини бажарувчи майдонга айланиши кутилмоқда. Айниқса, анъана ва замонавийликни уйғунлаштирган бундай ташаббусларга эҳтиёж ортиб бораётган бир даврда унинг аҳамияти янада ошади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси