“Global Korea Post”: Ўзбекистон–Грузия ҳамкорлиги минтақаларни боғловчи муҳим кўприк
Июль 02, 2026. 09:15 • 2 дақ
• 98
СЕУЛ, 2 июль. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг етакчи “Global Korea Post” нашрида Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги, хусусан, Ўзбекистон ва Грузиянинг ўзаро ҳамкорлик алоқаларига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада икки стратегик минтақа — Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги иқтисодий, транспорт-логистика ҳамда сиёсий муносабатларни мустаҳкамлашда Тошкент ва Тбилиси ўртасидаги икки томонлама алоқаларнинг аҳамияти атрофлича таҳлил қилинган.
Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистон ва Грузия ўз минтақаларида муҳим геоиқтисодий мавқега эга бўлиб, улар ўртасидаги ҳамкорлик янги халқаро транспорт йўлакларини, хусусан, Транскаспий халқаро транспорт маршрутини (Ўрта йўлак) ривожлантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Осиё ва Европа бозорларини ўзаро боғлайдиган энг қисқа ҳамда хавфсиз занжирни яратишга хизмат қилади.
Шунингдек, мақолада сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш бўйича ҳукуматлараро комиссиялар доирасида олиб борилаётган фаол мулоқотлар алоҳида эътироф этилган. Томонлар нафақат транспорт, балки қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати ва туризм соҳаларида ҳам қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун улкан салоҳиятга эга экани қайд этилган.
Материал якунида Жанубий Корея экспертларининг хулосаларига таяниб, Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги дўстона ҳамда амалий ҳамкорлик алоқаларининг чуқурлашиши нафақат икки давлат манфаатларига, балки кенг маънода Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақаларида барқарорлик, хавфсизлик ҳамда иқтисодий тараққиётни таъминлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси