“Orta Lectura”: Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанс сари дадил одимламоқда
Июль 02, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 93
МАДРИД, 2 июль. /“Дунё” АА/. Испаниянинг оммабоп “Orta Lectura” нашрида Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий интеллектуал юксалишига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Улуғбек – юлдузларга боққан ҳукмдор. XXI аср Уйғониш даври: Ўзбекистон эволюцияси” сарлавҳали мақолада ёзилишича, Марказий Осиёнинг маркази ҳисобланган, бир пайтлар Буюк ипак йўлининг асосий йўналиши бўлган Ўзбекистон нафақат ўз инфратузилмасини ривожлантирмоқда, балки Евроосиёнинг интеллектуал маркази мақомини ҳам қайта тикламоқда.
Нашрда Янги Ўзбекистоннинг миллий ўзликни англаш сиёсати учта Ренессанс концепциясининг изчиллигига асосланиши ёритилган. IX–XII асрлардаги Биринчи Ренессанс даврида Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Беруний каби алломалар алгебрага асос солиб, тиббиёт ва табиий фанларни юксалтирган бўлса, XIV–XV асрлардаги Иккинчи Ренессанс Амир Темур ва Мирзо Улуғбек номи билан боғланиб, меъморчилик ва астрономиянинг гуллаб-яшнашига олиб келди.
Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган Учинчи Ренессанс ўтмишга бўлган шунчаки ҳурмат эмас, балки таълим, технологик инновациялар ва иқтисодий очиқликка асосланган комплекс модернизация лойиҳасидир. Зеро, XXI асрда давлат қудрати ҳарбий куч билан эмас, балки билим яратиш ва глобал иқтисодиётга интеграциялашиш қобилияти билан белгиланади.
Мақолада Ўзбекистон модернизациясининг учта асосий устуни таҳлил қилинган бўлиб, улар Мирзо Улуғбек ғояларининг рақамли даврдаги ифодасидир. Биринчидан, илм-фан ва маърифат уйғунлиги орқали ислом динининг инсонпарварлик моҳияти тарғиб этилиб, радикализмга қарши маърифат билан курашилмоқда. Иккинчидан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази каби замонавий масканлар барпо этилиб, унда қадимий қўлёзмалар сунъий интеллект ва рақамли архивлар билан бирлаштирилмоқда. Учинчидан, мамлакатда олий таълим муассасалари сони уч баробар кўпайтирилиб, ёшларнинг дастурлаш, муҳандислик ва биотехнология соҳаларида жаҳон миқёсида етакчи бўлишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Мақола муаллифи Мирзо Улуғбекнинг илмий мероси бугунги кунда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар учун ўзига хос пойдевор бўлиб хизмат қилаётганини қайд этади. Иккинчи Ренессансдан Учинчи Ренессансга ўтиш асрлар давомидаги геосиёсий ўзгаришлардан сўнг Ўзбекистоннинг яна жаҳон илм-фани ва маърифат марказларидан бирига айланишга бўлган қатъий интилишидан далолат беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси