Украина матбуоти: Ўзбекистон жаҳон сайёҳлари эътибор марказида бўлмоқда

Июль 01, 2026. 19:30 • 2 дақ

90
Украина матбуоти: Ўзбекистон жаҳон сайёҳлари эътибор марказида бўлмоқда

КИЕВ, 1 июль. /“Дунё” АА/. Украинанинг “Главком” ахборот агентлигида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, сўнгги йилларда Марказий Осиё дунё сайёҳлари учун энг қизиқарли йўналишлардан бири сифатида эътибор қозонмоқда. Айниқса, туристлар оммавий туристик манзиллардан кўра, янги таассуротлар, бетакрор муҳит ва маданий меросга бой мамлакатларни танлашга интилишмоқда. Бу жараёнда минтақа давлатлари орасида энг катта қизиқишни уйғотаётган мамлакат — Ўзбекистон бўлмоқда.

2016 йилдан кейин мамлакатда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Виза тартибининг сезиларли даражада енгиллаштирилиши, янги меҳмонхоналар қурилиши, юқори тезликдаги темир йўл тармоғининг кенгайиши ҳамда халқаро блогерлар ва инфлюенсерлар иштирокида мамлакатнинг туристик имкониятлари фаол тарғиб қилиниши Ўзбекистоннинг жаҳон туристик бозоридаги нуфузини оширмоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, амалга оширилган ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини ҳам кўрсатди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга 11,7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Бу пандемиядан олдинги энг юқори кўрсаткич қайд этилган 2019 йилдаги 6,7 миллион нафарлик натижадан қарийб икки баравар кўпдир.

Туризм соҳаси вакилларининг фикрича, ижтимоий тармоқларнинг таъсири ортиб бораётгани ёшларни янги ва ҳали кенг оммага маълум бўлмаган йўналишларни излашга ундамоқда. Ана шундай тенденция туфайли Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, миллий маданияти, меҳмондўстлиги ва бой гастрономик анъаналари халқаро сайёҳлар учун тобора жозибадор манзилга айланиб бормоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёнинг, балки бутун Евроосиё минтақасининг энг тез ривожланаётган туристик йўналишларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Соҳадаги ислоҳотлар ва халқаро қизиқишнинг ортиши мамлакатнинг глобал туристик харитадаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, келгуси йилларда ҳам сайёҳлар оқими ўсишини таъминлаши кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш