Россия матбуоти: Ўзбекистон 2030 йилгача 20 миллион сайёҳни жалб этишни мақсад қилган

Июль 01, 2026. 08:55 • 2 дақ

120
Россия матбуоти: Ўзбекистон 2030 йилгача 20 миллион сайёҳни жалб этишни мақсад қилган

ЕКАТЕРИНБУРГ, 1 июль. /“Дунё” АА/. “Отдых Today” туристик ахборот порталида “Ўзбекистон рекорд даражадаги 11,7 миллион сайёҳни қабул қилди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон ҳукумати туризм соҳасида рекорд кўрсаткичларни қайд этган. 2025 йил якунларига кўра, мамлакатга 11,7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 47 фоизга кўпдир. Биргина 2026 йилнинг дастлабки беш ойида республика 4,7 миллионга яқин сайёҳни қабул қилди.

Таъкидланишича, Россия Ўзбекистон учун асосий сайёҳлик бозорларидан бири бўлиб қолмоқда. 2025 йилда мамлакатга 1,15 миллион нафардан ортиқ россиялик ташриф буюрди. Бу эса Россияни республика учун энг йирик хорижий туризм бозорларидан бирига айлантирди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш қўмитаси маълумотларига кўра, сайёҳлар оқимининг ўсиши соҳани ривожлантириш, инфратузилмани модернизация қилиш, саёҳат учун шарт-шароитларни соддалаштириш ва транспорт алоқаларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли давлат дастурлари натижасидир.

Мамлакатлар ўртасидаги транспорт алоқаларининг фаол кенгайиши туризмни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда Россия ва Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида ҳафтасига 200 дан ортиқ мунтазам авиақатнов амалга оширилмоқда.

“Отдых Today”хулосасида ёзишича, туризмни ривожлантириш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. 2030 йилга қадар мамлакат ҳар йили келадиган хорижий сайёҳлар сонини 20 миллион нафарга етказишни мақсад қилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш