“Global News Pakistan”: Ўзбекистон ва Озарбайжон рақамли технологиялар соҳасида қўшма инновацион хаб ташкил этмоқда
Октябрь 03, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 96
ИСЛОМОБОД, 3 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Global News Pakistan” ахборот агентлиги сайтида “Ўзбекистон ва Озарбайжон стартаплар, инвесторлар ва истеъдодларни ўзига жалб қилувчи хаб яратмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, Тошкент ва Боку нафақат иккита мустақил технологик марказ, балки Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ инновацион экотизимларини ўзаро боғловчи муҳим бўғинлар сифатида майдонга чиқмоқда.
Технологиялар ва инновациялар соҳасидаги замонавий ҳамкорликнинг пойдевори 2022 йил июнь ойида қўйилган эди. Ўшанда Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Рақамли ривожланиш ва транспорт вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди.
Покистон ОАВнинг ёзишича, шундан буён икки давлат рақамли ҳамкорлиги тажриба алмашиш ва институционал алоқаларни йўлга қўйиш босқичидан технологик экотизимлар ўртасидаги кенг кўламли амалий шериклик босқичига изчил ўтди.
“Ҳукуматлараро ҳамкорликнинг ривожланиши икки мамлакат IT компаниялари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларнинг кенгайиши билан бирга кечмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярми якунига кўра, IT Park Uzbekistan резидентлари орасида Озарбайжон капитали иштирокидаги компаниялар сони 16 тага етди”, – дейилади материалда.
Озарбайжон капитали иштирокидаги корхоналар томонидан кўрсатилган экспорт хизматлари ҳажми 2026 йилнинг биринчи ярмидаёқ 2,5 миллион доллардан ошган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2025 йил давомидаги умумий ҳажмдан ҳам юқорини ташкил этади. Мазкур компанияларда жами 172 та янги иш ўрни яратилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон рақамли хизматларининг Озарбайжон бозорига экспорти ҳам жадал ўсиб бормоқда. Жумладан, 2026 йилнинг биринчи ярмида IT Park Uzbekistanнинг 21 та компанияси Озарбайжонга хизматлар экспорт қилди. Бу йўналишдаги экспорт ҳажми 1,2 миллион доллардан ошиб, 1,34 миллион доллар деярли етди.
Шунингдек, Озарбайжон вакилларининг Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги, IT Park Uzbekistan ва Park Ventures ҳамкорлигида ташкил этилган “Digital Startup Awards 2025” дастурида фаол иштирок этгани ҳам амалий ҳамкорликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
“Бугунги кунгача тўпланган тажриба Ўзбекистон–Озарбайжон муносабатларида рақамли технологиялар соҳасида янги ва истиқболли йўналиш босқичма-босқич шаклланаётганини кўрсатмоқда”, – дея хулоса қилинган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси