Ўзбекистон ҳарбийлари “Cambrian Patrol – 2026” халқаро мусобақасида кумуш медални қўлга киритди

Октябрь 12, 2026. 16:36 • 2 дақ

• 31
Ўзбекистон ҳарбийлари “Cambrian Patrol – 2026” халқаро мусобақасида кумуш медални қўлга киритди

ЛОНДОН, 12 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоа Уэльс шаҳрида ўтказилган нуфузли “Cambrian Patrol – 2026” халқаро ҳарбий мусобақасида кумуш медални қўлга киритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур мусобақада Буюк Британия, АҚШ, Франция, Германия, Италия, Покистон ва Қозоғистон каби 35 га яқин мамлакатдан 140 дан ортиқ патруль гуруҳлари иштирок этди. Иштирокчилар 48 соат давомида тоғли, ботқоқли ва бориш қийин бўлган ҳудудларда мураккаб синовларни енгиб ўтишлари лозим эди.

Жамоалар тахминан 70 километр масофани босиб ўтиб, разведка вазифаларини бажариш, шартли жанг сценарийларини ишлаб чиқиш, тўсиқларни бартараф этиш ҳамда ярадорларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича кўникмаларни намойиш этдилар. Шунингдек, иштирокчилар кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий таҳдидлар шароитида ҳаракат қилиш малакасини ҳам синовдан ўтказдилар.

Халқаро мутахассислар Ўзбекистон ҳарбий жамоасининг юқори даражадаги тайёргарлиги ва қўйилган вазифаларни бажаришдаги маҳоратини юқори баҳолади.

Мусобақаларда мунтазам иштирок этиш Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларига ўз касбий маҳоратини муттасил ошириш, замонавий тактик ёндашувлар билан танишиш ҳамда хорижлик ҳарбий шериклар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш имконини бермоқда.

“Cambrian Patrol” мусобақаси 1959 йилдан буён ўтказиб келинади ва ҳозирги кунда улар Буюк Британия Қуролли Кучларининг 160-Уэльс бригадаси томонидан ташкил этилади. Бу каби нуфузли синовлар халқаро ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш, касбий тажриба алмашиш ҳамда бўлинмаларнинг амалий тайёргарлигини текширишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш