Хитой оммавий ахборот воситалари Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва маданий мероси ҳақида ёзмоқда
Апрель 22, 2025. 10:37 • 2 дақ
• 103
ПЕКИН, 22 апрель./"Дунё" АА/. Хитойнинг етакчи оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлари Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳияти ва ноёб маданий меросини фаол ёритишда давом этмоқда, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, Хитойнинг йирик "Sohu" янгиликлар порталида Ўзбекистон миллий ошхонаси ва ҳунармандчилигига бағишланган мақола эълон қилинди.
Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистон хорижлик сайёҳлар учун машҳур манзилга айланиб бормоқда. Маълум қилинишича, жорий йилнинг дастлабки икки ойида мамлакатимизга 1 миллион 300 мингга яқин хорижий сайёҳ келган бўлса, туризм мақсадида келган сайёҳлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 361 минг 200 нафарга ошган. Бундан ташқари, Ўзбекистон "BBC Travel" маълумотларига кўра, 2025 йил учун дунёнинг энг яхши 25 сайёҳлик йўналиши рўйхатига киритилди.
Мақолада Ўзбекистон ўзининг ноёб тарихий муҳити ва замонавий инфратузилмаси туфайли сайёҳларни тобора кўпроқ жалб қилаётгани қайд этилган. Пойтахт сифатида Тошкент қадимий архитектурани замонавий яшаш шароитлари билан уйғунлаштирган. Қулай боғлар муҳити ва бой гастрономик ассортиментни таклиф этади, бу эса уни саёҳатчилар учун идеал манзилга айлантиради. Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий-маданий шаҳарлар ўзининг қадимий маданий ёдгорликлари, бой тарихий мероси билан бутун дунёдан сайёҳларни ўзига тортади.
"Ўзбекистоннинг ошпазлик маданияти бой ва ранг-баранг бўлиб, унинг асосий таоми – палов айниқса бутун дунёда машҳур, – таъкидлайди Хитой нашри. – Палов оддий таом эмас. Бу Ўзбекистон рамзи, меҳмондўстлик ва илиқлик тимсоли, маҳаллий маданий мероснинг ажралмас қисмидир. Байрам ва тўй маросимлари ёки оддий оилавий тадбирлар ҳам паловсиз ўтмайди".
Маълум қилинганидек, 2016 йилда ўзбек палови ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.
Ўзбекистонда кулолчилик санъати ҳам узоқ тарихга эга. Ўзбек кулоллари томонидан яратилган анъанавий гул ва геометрик нақшлар билан безатилган кўк-яшил рангдаги нафис идишлар жуда машҳур. Ёрқин ранглар ва мураккаб нақшлар маҳаллий маданиятни акс эттиради.
Археологик топилмалар Ўзбекистонда кулолчилик неолит давридаёқ мавжуд бўлганлигини кўрсатади. Бугунги кунда ўзбек кулолчилиги қадимий анъаналарни сақлаб, ривожланишда давом этмоқда.
Қайд этилишича, Риштон кулолчилигида кўк, яшил ва оқ рангларнинг бой тусларини намойиш этувчи табиий бўёқлардан айниқса кенг фойдаланилади. Бу кулолчилик буюмлари нафақат анъанавий ҳунармандчилик кўриниши, балки ўзбек халқининг гўзаллик ва санъатга бўлган ўзига хос интилишларини ҳам ифодалайди.
"Ўзбекистон жадал ривожланаётган туризм индустрияси туфайли ушбу қадимий ва бетакрор замин билан танишиш истагида бўлган хорижлик сайёҳларни тобора ўзига ром этиб бормоқда. Тарихий маданий диққатга сазовор жойлар, бой гастрономия ва нафис анъанавий ҳунармандчилик маҳсулотлари сайёҳларни бу ерда узоқроқ қолишга ундайди", – деб ёзилган "Sohu" мақоласида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида