Logo

Тожикистон ОАВ: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш БМТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда

Август 14, 2024. 17:28 • 3 дақ

290
Тожикистон ОАВ: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш БМТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда

ДУШАНБЕ, 15 август. /"Дунё" АА/. Тожикистоннинг "Avesta" ахборот агентлиги "Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари Конституция билан ҳимояланган" сарлавҳали мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда қайд этилганидек, ҳозирги вақтда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги 80 дан ортиқ халқаро ҳужжат қоидалари миллий қонунчиликда ўз ифодасини топмоқда.

"2020 йил июнь ойида биринчи марта қабул қилинган ва изчил амалга оширилаётган Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталари тавсияларини бажаришни назарда тутади. 2023 йил 30 апрелда ўтказилган умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш конституциявий асосларини мустаҳкамлади", – деб ёзган муаллиф.

Мақолада қайд этилишича, Конституциянинг 65 моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, уларнинг 16 таси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

"Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқларини конституциявий ҳимоя қилишнинг субъектлари тўлиқ кенгайтирилди. Улар қаторига аёллар, камсонли миллатлар, кекса ёшдаги одамлар, ногиронлар, ёшлар, болалар, тадбиркорлар, мулкдорлар, давлат хизматчилари, ўқитувчилар, қўлга олинганлар, судланувчилар, маҳкумлар, жиноят қурбонлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ишчилар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва бошқалар киради", – дея таъкидланган манбада.

Халқ хоҳиш-иродасини эркин ва фаровон, кучли Янги Ўзбекистонни барпо этиш, ҳар бир фуқаро учун ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий жиҳатдан етук авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолатни, қонун устуворлигини, хавфсизликни ва барқарорликни кафолатлаш мақсадида 2023 йил 11 сентябрдаги Ўзбекистон Президенти фармони билан "Ўзбекистон – 2030" стратегияси тасдиқланди.

Тожикистон ОАВ, шунингдек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш БМТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралишини алоҳида қайд этган. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича БМТ Кенгаши ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатлари юксак қадрланади.

"Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлашдан ташқари, Ўзбекистон халқаро ҳамкорлик доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ташаббуслар билан ҳам чиқмоқда", – деб ёзган ахборот агентлиги. – Энг муҳим ташаббуслардан бири Ўзбекистоннинг сиёсий, жамият ва мамлакатнинг ишбилармонлик ҳаётида аёлларнинг ролини оширишга қаратилган сиёсатни такомиллаштиришдир. Шунга мувофиқ гендер тенглиги ва аёлларни зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоя қилиш қонунлари қабул қилинди".

Мақола якунида "Ўзбекистон халқаро майдондаги барча чора-тадбирлари доирасида инсон ҳуқуқларини амалга оширишга катта ҳисса қўшмоқда. Мамлакат халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида ўз ривожланишининг янги босқичига чиқмоқда ҳамда халқаро шартномалар тузиш ташаббускори, халқаро қонунчиликда фаол иштирокчи сифатида фаолият юритмоқда", – деб таъкидланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш