Миср матбуоти: Ўзбекистон билан маданий-илмий алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда
Февраль 22, 2026. 11:24 • 2 дақ
• 56
Қоҳира, 22 февраль. /“Дунё” АА/. Мисрнинг етакчи оммавий ахборот воситаларида “Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги тарихий алоқалар сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилди” сарлавҳали таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолаларда Алишер Навоий халқаро жамоат фонди раиси Олимжон Давлатовнинг фикрлари баён этилган бўлиб, унда икки давлат раҳбарлари – Шавкат Мирзиёев ва Абдулфаттоҳ ас-Сиси томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида ўзаро ишончга асосланган мулоқот иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳаларда кенг имкониятлар очаётгани қайд этилган.
Шу йил февраль ойида ўзбек илмий экспедициясининг Қоҳирага ташрифи ушбу дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлгани ҳам алоҳида таъкидланган.
“Ташриф доирасида Қоҳира университети ва Алишер Навоий халқаро жамоат фонди ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат талабалар ва тадқиқотчилар учун янги таълим имкониятларини яратиш билан бирга, араб ва ўзбек адабиётининг сара намуналарини таржима қилиш ва нашр этишни кўзда тутади. Қоҳира университети кутубхонасида туркий тиллардаги 15 мингдан ортиқ ноёб қўлёзма сақланмоқда. Томонлар ушбу маънавий хазинани тизимли ўрганиш ва каталогларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликка келишди”, дея ёзилган мақолада.
Бундан ташқари, Маданий меросни рақамлаштиришга ихтисослашган “Илм” муассасаси билан ҳамкорликда ноёб қўлёзмаларни юқори сифатда рақамли шаклга ўтказиш бўйича қўшма лойиҳаларга старт берилган. Бу эса тадқиқотчиларга Алишер Навоий ва бошқа буюк мутафаккирлар меросини чуқурроқ ўрганиш имконини яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
