Ўзбекистон ва Туркманистон электрон ҳукумат бўйича қўшма дастурлар тайёрламоқда
Октябрь 25, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 116
АШХОБОД, 25 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчиси Равшанбек Алимов Туркманистон Президенти ҳузуридаги Давлат хизмати академияси ректори Алим Аннамуродов билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида муниципал бошқарув ва электрон ҳукумат бўйича қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди. Томонлар ихтисослаштирилган курслар ва маърузалар ўтказиш учун мунтазам равишда ўқитувчилар алмашиш масаласини муҳокама қилди.
Ўзбекистон томони давлат хизматини модернизация қилиш, ҳокимият органлари фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда замонавий бошқарув кадрларини тайёрлаш борасидаги тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ҳамда Туркманистон Давлат хизмати академияси ўртасида узоқ муддатли шерикликни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Иштирокчилар минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича қўшма илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш имкониятларини кўриб чиқди.
Учрашув якунида томонлар экспертлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, тажриба алмашишни кенгайтириш ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси