Германия ОАВ: Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров жаҳон тожи учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритди
Апрель 18, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 154БЕРЛИН, 19 апрель. /“Дунё” АА/. Германиянинг бир қатор нуфузли нашрлари ўзбекистонлик ёш гроссмейстер Жавоҳир Синдаровнинг 2026 йилги ФИДЕ Номзодлар турниридаги тарихий муваффақияти ҳақида ёзди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жумладан, “ZEIT”, “SPIEGEL”, “Süddeutsche Zeitung”, “Deutsche Welle” ҳамда “ChessBase” каби нашрларда туркум мақолалар элон қилинди.
“Reuters” агентлигининг маълум қилишича, Кипрнинг Пейя шаҳрида ўтказилган мусобақада 20 ёшли ҳамюртимиз муддатидан олдин ғолибликни таъминлади. У 13-турда Нидерландия вакили Аниш Гири билан дуранг ўйнаб, 9,5 очко билан рақиблари учун етиб бўлмас масофага чиқиб кетди. Шу тариқа, Жавоҳир Синдаров йил якунида амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу билан шахмат тожи учун баҳс олиб борадиган бўлди. Бу учрашув шахмат тарихидаги энг ёш чемпионлик баҳсларидан бири сифатида йил воқеасига айланиши кутилмоқда.
“ZEIT” нашрининг таъкидлашича, бу ғалаба тасодифий эмас, балки турнир давомидаги барқарор устунликнинг мантиқий якунидир. Ўзбекистонлик шахматчи дастлабки олти партиянинг бештасида ғалаба қозониб, Фабиано Каруана, Ҳикару Накамура ва Праггнанандҳа каби дунёнинг энг кучли гроссмейстерларини мағлуб этди.
“ChessBase” таҳлилчилари Синдаровнинг нафақат ҳужумдаги дадиллигини, балки ҳал қилувчи вазиятлардаги совуққон ҳимоясини ҳам юқори баҳоладилар. У турнирни мағлубиятсиз — 14 имкониятдан 10 очко жамлаган ҳолда якунлади.
Халқаро экспертлар ушбу муваффақият ортида Ўзбекистонда шахматни давлат даражасида тизимли ривожлантириш сиёсати турганини қайд этмоқдалар. ФИДЕ маълумотларига кўра, мактабларда шахмат таълимининг кенгайтирилиши ва иқтидорли ёшларнинг қўллаб-қувватланиши ўз мевасини бермоқда. Жавоҳир Синдаровнинг зафари Ўзбекистон шахмат мактабининг жаҳондаги пешқадамлигини ва халқаро шахмат аренасида Осиё таъсири тобора ортиб бораётганини яна бир бор исботлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


