Ўзбекистон маданий мероси Таиланд ОАВда эътироф этилди
Апрель 21, 2026. 11:05 • 2 дақ
• 181
БАНГКОК, 21 апрель. /“Дунё” АА/. Таиланд Ипакчилик департаментининг собиқ маслаҳатчиси Таньялак Промманининг “Бахт назарияси: бахт инъоми... ахлоқ билан уйғунлашган донишмандлик” сарлавҳали мақоласи “BangkokBizNews” онлайн нашрида эълон қилинди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Унда муаллиф Ўзбекистон ҳақидаги ижобий фикрларга тўхталиб, 2026 йил 9 апрель куни Таиланд Миллий кутубхонасида ўтказилган илмий-маърифий тадбир ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашади.
Мақолада, шунингдек, 1905 йил 12 октябрда ташкил этилган ва 121 йилдан буён мамлакатнинг қимматли ахборот ресурсларини тўплаш, сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш билан шуғулланиб келаётган Таиланд Қироллиги Миллий кутубхонаси ҳақида маълумот берилади.
Эслатиб ўтамиз, 9 апрель куни Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консулхонаси Таиланд Миллий кутубхонасига 74 жилдлик энциклопедиялар тўпламини топширган эди.
Қайд этилишича, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркуми мамлакат тарихи ва маданий бойлиги ҳақидаги қимматли материалларни ўз ичига олади. Китобларнинг тақдим этилиши Ўзбекистон ва Таиланд халқлари ўртасидаги маданий алмашинувни ривожлантириш ҳамда ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қаратилган.
Шунингдек, материалда Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Фарғона водийси сингари ҳар бири ўзига хос тарихий ва иқтисодий салоҳиятга эга бўлган ҳудудлари ҳақида ҳам маълумот берилади.
Мақола сўнгида муаллиф китобнинг халқаро муносабатлар воситаси сифатида танланиши маданий дипломатия, донишмандлик, миллий ўзига хослик ва маънавий қадриятларни акс эттиришини таъкидлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси