Хитой ОАВ: Ўзбекистон минтақада биринчилардан бўлиб углеродни тартибга солиш механизмларини жорий этмоқда
Апрель 22, 2026. 12:55 • 2 дақ
• 74
ПЕКИН, 22 апрель. /“Дунё” АА/. Хитойнинг “Diplomat” нашри саҳифаларида Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиши ва бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материалда қайд этилишича, Ўзбекистон сўнгги йилларда “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича изчил ва институционал жиҳатдан пухта сиёсатни амалга оширмоқда. Мамлакат буни узоқ муддатли макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, рақобатбардошликни ошириш ва жаҳон бозорларига интеграциялашувнинг асосий омили деб билади.
Шакллантирилган трансформация модели таркибий ислоҳотлар, бозор механизмларини жорий этиш ва фаол халқаро ҳамкорлик уйғунлигига асосланади. Бу эса декларатив мақсадлардан амалий натижаларга ўтишни таъминлайди.
“Ислоҳотларнинг тизимли экани 2022 йилда 2030 йилгача “яшил” ўсишга ўтишга қаратилган стратегик ҳужжатлар тўпламининг қабул қилиниши билан мустаҳкамланди. Ушбу қарор доирасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, жумладан, энергия самарадорлигининг тармоқ концепциялари, “яшил” ривожланишнинг комплекс дастури ва батафсил ҳаракатлар режаси тасдиқланган”, деб ёзади нашр.
Муаллифнинг сўзларига кўра, ислоҳотларнинг муҳим йўналиши электр энергиясининг қайта тикланувчи манбалардан олинганини тасдиқловчи “яшил” энергетика сертификатлари тизимининг жорий этилиши бўлди.
“Бугунги кунда ушбу тизим доирасида 446 мингдан ортиқ сертификат муомалага чиқарилган бўлиб, бу “тоза” энергиянинг тўлақонли бозори шаклланганидан далолат беради. Мазкур восита нафақат қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришни рағбатлантиради, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга экологик сертификатлаштириш талаблари мажбурий бўлиб бораётган экспорт бозорларига чиқиш имконини ҳам беради”, дейилади мақолада.
Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон минтақада биринчилардан бўлиб углерод миқдорини тартибга солиш механизмларини амалиётга татбиқ этишга киришган. Жаҳон банки билан ҳамкорликда Париж битимига мувофиқ углерод бозорини ривожлантириш бўйича инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда.
Ўзбекистоннинг иқлим инвестиция фондлари дастурларида иштирок этиши қўшимча имкониятлар яратмоқда. Мазкур дастур доирасида мамлакат саноатни декарбонизация қилиш учун 250 миллион долларгача маблағ олиш имкониятига эга бўлган устувор давлатлар қаторидан жой олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси