“Daily News Hungary”: Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш янги босқичга кўтарилмоқда
Апрель 21, 2026. 17:55 • 3 дақ
• 75
БУДАПЕШТ, 21 апрель. /“Дунё” АА/. Венгриянинг нуфузли “Daily News Hungary” онлайн нашрида Ўзбекистонда сувдан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, бугунги кунда дунёда сув ресурсларига бўлган талаб йил сайин ошиб бормоқда. Айниқса, иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг кўпайиши ва қишлоқ хўжалигида сувга бўлган эҳтиёжнинг ортиши бу масалани янада долзарб қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиёда умумий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш нафақат иқтисодий, балки минтақанинг хавфсизлиги ва барқарор ривожланиши учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда сувдан самарали фойдаланиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар, айниқса, сув хавфсизлигини таъминлаш ва экологик муаммоларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар нафақат мамлакат ичида, балки бутун минтақада кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Бу борада энг муҳим йўналишлардан бири – замонавий сув тежовчи технологияларни жорий этишдир. Хусусан, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш каби усуллар қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада оширади. Бу технологиялар сув сарфини камайтириш билан бирга, минерал ўғитлар, ёқилғи ва меҳнат харажатларини қисқартиради, энг муҳими, ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади.
“Ўзбекистон–2030” стратегиясида барча суғориладиган ерларда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилгани ҳам бежиз эмас. Сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар ҳам бу сиёсатнинг самарадорлигини тасдиқламоқда. Жумладан, 2019–2025 йиллар давомида Ўзбекистонда юз минглаб гектар ерларда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш жорий этилди, замонавий суғориш усуллари кенг қўлланилди.
Келгуси режалар эса янада кенг кўламли. Хусусан, 2028 йилга қадар сув тежовчи технологиялар жорий этилган ер майдонини 3,5 миллион гектарга етказиш режалаштирилган. Бу мамлакатдаги барча суғориладиган ерларнинг қарийб 80 фоизини қамраб олади. Бу эса сув ресурсларидан фойдаланишда мутлақо янги босқичга ўтишни англатади.
Нашрда таъкидланишича, муҳим жиҳатлардан яна бири – кадрлар тайёрлаш масаласидир. “Сувчилар мактаби” каби лойиҳалар орқали кўплаб мутахассисларнинг малакасини ошириш, уларни халқаро тажриба билан таништириш ишлари олиб борилмоқда. Бу эса соҳадаги ислоҳотларнинг узлуксиз ва самарали амалга оширилишини таъминлайди.
Албатта, барча саъй-ҳаракатларнинг марказида битта асосий ғоя ётади – сувни тежашни ҳаёт тарзига айлантириш. Чунки сув бу фақат ресурс эмас, балки келажакни белгилайдиган стратегик бойликдир.
Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва бу соҳадаги ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Эндиги энг муҳим вазифа – бу жараёнга барчани жалб қилиш ва сувни тежашни умуммиллий қадриятга айлантиришдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси